07:58 / 29.01.2020
4 139

Ақл салоҳиятини оширишнинг самарали усуллари

Ақл салоҳиятини оширишнинг самарали усуллари
Интеллект даражасини ошириш ва мияни ишлашга мажбурлаш ўйлаганингиздан-да осонроқ. Биз сизга ақл салоҳиятини оширишнинг 10 оддий, илмий синалган усулини тақдим этамиз.

1. Мияни ишлатинг
Агар сиз ҳеч бўлмаганда бир марта ҳозиргидан-да ақлли бўлиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрган бўлсангиз, жуда яхши. Интеллектуал хусусиятларни ривожлантиришга оид фикр-мулоҳазалар мақсадга эришиш йўлидаги илк қадамдир.

Қизиқувчан бўлинг, доимо янги билимлар орттиринг, ўзингизни қизиқтирувчи жараёнларни ўрганинг, тушунарсиз нарсаларнинг тубига етинг. Шунда атрофингизда ўрганилмаган қанча нарсалар борлигини кўриб ҳайратланасиз.

Нима қилиш керак?
Мияни фойдали иш билан банд қилинг, бирор янги машғулот билан шуғулланинг. Янги кўникмаларга эга бўлиш ақлий фаолиятингизда ижобий акс этади.

2. Китоб ўқинг
Ўқиш нафақат сўз бойлиги ва дунёқарашни кенгайтиради, балки тасаввурни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. Китоб мутолаа қилаётганимизда биз янги дунёга шўнғиб кетамиз. Агар сиз ҳиссий интеллектингизни оширмоқчи бўлсангиз, яхши китобларни кўпроқ ўқинг. Бу мия фаолиятини яхшилашнинг энг самарали усулларидан биридир.

Нима қилиш керак?
Кутубхонага аъзо бўлинг, онлайн китобларни ўқиш мумкин бўлган сервисга ёзилинг, анчадан бери ўқишни ният қилган китобларингиз рўйхатини тузинг. Ўз олдингизга ҳар ойда биттадан китоб ўқишни мақсад қилиб қўйинг.

3. Ҳиссиётларга эркинлик беринг
Ҳис-туйғуларимизни назорат қилишга ёрдам берувчи ҳиссий интеллект мавжуд, шунингдек тизимли фикрлашимизга жавобгар рационал интеллект бор. Қоидага кўра, кўпроқ рационал интеллектга эътибор қаратилади, бироқ буни эса тўғри деб бўлмайди.
Ҳиссий интеллект ҳақида ҳам унутмаслик керак, зеро у доимий ўзгаришларга мослашиш ва муаммоларни оператив ҳал қилишга ёрдам беради.

Нима қилиш керак?
Ҳиссиётларингиз ҳақида гапиришдан қўрқманг. Ишда ёки уйда нимадандир норози бўлсангиз, атрофингиздагилар бу ҳақида қисман хабардор бўлишлари керак, шунда олдингиздаги муаммони биргаликда ҳал қилиш имкони пайдо бўлади. Муаммо ечими ҳар доим ҳам топилавермайди, албатта, бироқ сиз ўзингизга зиён етказувчи ҳис-туйғуларни ичингизда сақлаб ўтирмайсиз.

4. Кундалик ҳаракатларга ўзгариш киритинг
Бу усул кимгадир бемаъни туюлиши мумкин бўлса-да, самаралидир. Тишларингизни одатда кўниккан қўлингиз билан эмас, бошқаси билан тозалашга уриниб кўринг. Компьютер сичқончасини бошқа қўлда ишлатиб кўринг. Уддалай оласизми?

Кундалик ҳаракатларимизга ўзгаришлар киритсак, миямиз ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, қандай қилиб худди аввалгидек натижага эришиш мумкинлиги ҳақида ўйлашга мажбур бўлади. Бу мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Нима қилиш керак?
Миянгизни кутилмаган қарорлар қабул қилишга мажбурланг. Ишга янги йўналишдан боринг, нотаниш шаҳарда хариталар бўйича ҳаракатланишни ўрганинг, дўстларингиз билан хорижий тилда суҳбатлашинг.

5. Қидирув хизматларини тинч қўйинг
Биз деярли ҳар куни қандайдир янги маълумотларни қидирамиз, бунга нақадар осон эришаётганимиз ва уларнинг миямиздан нақадар тез чиқиб кетиши ҳақида эса ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Бор-йўғи икки кликни амалга оширасиз - қарабсизки, жавоб тайёр.

Интернет — керакли маълумотни топишнинг энг оддий усули, албатта. Бироқ у бизнинг миямизни жуда ялқов қилиб қўяди, чунки билмаган нарсамиз ҳақида бош қотириб ўтиришга ҳожат қолмайди.

Нима қилиш керак?
Қидирув хизматлари, таржимон иловалар, конвертерлар ва калькуляторлардан вақтинчалик фойдаланмасликка ҳаракат қилиб кўринг. Ҳисоб-китобларни миянгизда бажаришга уриниб кўринг ёки юзага келган саволларга жавобларни китоблардан қидиринг. Ҳа, бу анча кўп вақт олади, бироқ мияни ишлатишга, сизни эса - маълумотларни эслаб қолишга мажбур қилади.

6. Интеллектуал ўйинлар ўйнанг
Мия фаолиятини рағбатлантирувчи ўйинлар ва дастурлар одатда неврапатологлар ва когнитив психологлар томонидан миянинг муайян бўлими фаолиятини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилади. Ўйинларнинг тури кўп: бири хотирани мустаҳкамлайди, бошқаси эса - диққатни жамлайди, учинчиси кенгликдаги йўналишни яхшилайди.

Нима қилиш керак?
Хотирангизни мустаҳкамламоқчимисиз? Турли кетма-кетликларни эслаб қолишга ёрдам берадиган ўйинларни ўйнанг. Кузатувчанлик қобилиятини ривожлантирмоқчимисиз? Ҳар хил буюмларни қидириш талаб қилинадиган ўйинларни ўйнанг. Мияни ривожлантириш усулини ўзингиз танлаб олишингиз мумкин.

7. Ўзингиз билан ўзингиз суҳбатлашинг
Кўпчилик инсоннинг ўзи билан ўзи суҳбатлашиши руҳий беқарорликка ишора қилади, деб ҳисоблайди. Бироқ яқинда бунинг акси эканлиги исботланди - бундай суҳбатлар мия фаолиятини рағбатлантирар экан.

Ўзингиз билан ўзингиз суҳбатлашганингизда маълумотни тизимлаштириш ва соддалаштиришга ўрганасиз, бу эса муаммоларни янада самарали ҳал қилишга ёрдам беради. Албатта, жамоат жойларида ўзингиз билан суҳбатлашиш мақсадга мувофиқ эмас, лекин уйда бемалол шундай қилишингиз мумкин.

Нима қилиш керак?
Овозингизни чиқариб ўқинг, тез айтиш айтинг, шеър ёдланг ёки қўшиқ куйланг. Агар бирор нарсани эслаб қолишга уринаётган бўлсангиз, у ҳолда буни ўзингизга гўёки бировга тушунтираётгандек сингдиринг. Маълумотни турли йўллар билан етказинг: худди ҳамкасбингиз ёки бола билан суҳбатлашаётгандек. Бундай техника маълумотни янада яхши ўзлаштириш ва тушуниш имконини беради.

8. Фикрларингизни қисқа баён этишни ўрганинг
Бунда сизга ижтимоий тармоқлар ёрдам бериши мумкин. Масалан, Twitter тармоғида қолдирадиган ёзувингиз 140 белгидан ошмаслиги керак. Буни қарангки, Twitter'дан фойдаланиб, ўз фикрларимизни аниқ ва қисқа баён қилиш ҳамда маълумотни тизимлаштиришни ўрганар эканмиз.

Нима қилиш керак?
Twitter'га аъзо бўлинг, бир варақ қоғоз топинг ёки телефондаги ёзувлар иловасини очинг ва ўз фикрларингизни унга туширинг. Сиз бу иш билан истаган вақтингизда шуғулланишингиз мумкин, бу бироз бўлса-да чалғишингизга ёрдам беради.

9. Тилларни ўрганишга киришинг
Тил ўрганаётганимизда миямиз фаол ишлайди: янги сўзларни эслаб қолиш давомида биз хотирамизни мустаҳкамлаймиз, аввал қилмаган нарсаларимизга уриниб кўрамиз, бошқа тилда фикрлашга ҳаракат қиламиз. Буларнинг барчаси дунёга бошқача кўз билан қараш имконини беради.

Бир неча тилда суҳбатлашувчи кишининг мияси биргина тилда сўзлашувчиларникига нисбатан анча самаралироқ ишлайди.

Нима қилиш керак?
Хорижий тилларни осон ва қизиқ ўргатадиган сервис ва иловаларни топинг. Бугунги кунда янги тилни ўрнишга ёрдам берувчи ресурслар кўп. Суҳбат кўникмаларини машқ қилишни унутманг ва албатта шу тилда суҳбатлаша оладиган инсонни топинг - у билан суҳбатлашиб ёки хат ёзишиб кўникмаларингизни оширасиз.

10. Ақлли инсонлар билан кўпроқ мулоқот қилинг
Атрофимиздаги инсонлар баъзан бизга ўзимиз истаганимиздан-да кўпроқ таъсир ўтказишади. Шу боис сизга тушунарсиз бўлган масалаларда ёрдами тегиши мумкин бўлган инсонлар билан дўст тутининг.

Нима қилиш керак?
Мулоқот доирангизни кенгайтиринг ва сизларни эзгуликка чорлаши мумкин бўлган кишилар билан танишинг. Ўз қизиқишларингиздан келиб чиқиб, бирор бир машғулот билан шуғулланинг ва у ерда ҳам дўстлар орттиринг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ақл салоҳиятини оширишнинг самарали усуллари