15:10 / 16.12.2020
3 792

Таом мазасига таъсир кўрсатадиган 8 хато

Таом мазасига таъсир кўрсатадиган 8 хато
Фото: Freepik
Таом мазасининг қандай чиқиши нафақат унга қўшилган маҳсулотлар сифати билан, балки тайёрланиш жараёни билан ҳам боғлиқ, деб ёзади "Дарё" нашри.

Таом пишаётган вақти печ эшигини қайта-қайта очиш
Таом ёки маълум егуликнинг қанчалик пишганини текшириш учун печ эшигини қайта-қайта очиш ярамайди. Чунки ҳар очилганда печ ичидаги ҳарорат пасаяди ва тайёр бўлиш жараёни чўзилади. Ҳароратнинг ўзгариши эса таомнинг мазасига таъсир қилмай қолмайди, торт ва пироглар эса кутилганидек шишиб чиқмайди, яхши кўтарилмайди. Маффин, кекс ва бисквит пиширишнинг илк 15-20-дақиқасида очиш керак эмас. Яхшиси, қандай пишаётганини билиш учун печ чироғини ёқиб, эшигидаги ойнадан қараш керак. Бошқачасига иложи бўлмаган тақдирда, иссиқликни ташқарига чиқиб кетмайдиган даражада тез текшириб олинг. Аслида эса таомнинг тайёрланиш рецептида келтирилган вақтдан кейингина уни очиб кўриш мумкин бўлади.

Таом пишаётган вақтда таъмини тотиб кўрмаслик
Таомни рецепт асосида тайёрлаган тақдирингизда ҳам уни таъмини тотиб кўришни унутманг. Пишганидан кейин мазаси ўйлаганингиздек бўлмаганига ажабланиш ўрнига ҳар гал янги қўшимча масалан, туз ёки зира қўшганингизда текшириб кўринг.

Рецептни нотўғри ўқиш
Қанчалик ажабланарли туйилмасин, янги таом тайёрлашдан аввал рецептини диққат билан ўқиб чиқиш керак. Аввал тайёрлаб кўрилмаган егуликни пишириш давомида адашиб кетиш осон. Шошмасдан, диққат билан тайёрланганда адашиш эҳтимоли кам бўлади. Рецептда келтирилган маълумотларда янглишлик бўлиши, тўғри ёзилган тақдирда ҳам маҳсулотлар миқдорида чалғиб кетиш мумкин. Шу сабабдан яхшиси бир таом рецептини 2 ёки 3 манбадан кўриб, солиштиринг. Шунда ўзингизга тўғри келадиганини топишингиз мумкин.

Қовуриш учун бир ёғдан фойдаланиш
Аксари уй бекалари асосан ўсимлик ёки зайтун ёғидан фойдаланади аммо ҳамма таомга ҳам бу мос келавермаслиги мумкин. Баъзи ҳолларда узоқ қизиб кетганидан кейин ёғ тутаб токсик хусусиятга эга бўлиши бу эса таом мазаси ўзгаришига таъсир қилиши мумкин. Танлов борасида чекланманг, сариёғдан, кокос ёғи ва ҳатто ғоз ёғидан ҳам фойдаланинг.

Товани тўлатиб таом тайёрлаш
Таом тайёрлаш жараёни сабрни талаб қилади. Унутманг, товани тўлиб тошириб пишириш овқат сифатига таъсир қилади. Таомлар бир-бирига ҳаддан ортиқ яқин бўлганида ҳаво ва иссиқлик тақсимоти бузилади. Бу ҳам етмагандек одатдагидан узоқроқ пишади. Овқатнинг ярми бўтқа ҳолига келиб, қолган маҳсулотлар қовурилмаслиги ёки пишмай қолиши мумкин. Яхшиси иккита товада икки порция қилиб пиширинг.

Овқатни керагидан кўп аралаштириш
Сабрсиз уй бекасига хос яна бир симптом овқатни ўз ҳолига қўймасдан, аралаштиравериш ҳисобланади. Усти қизариб кисир-кисир бўлиб чиқиши керак бўлган айрим таомларни аралаштиравериш кўнгилдагидек чиқмаслигига сабабчи бўлиши мумкин.

Кўз билан мўлжаллаш
Тарозидан фойдаланмаслик ёки туз ёки шакарни қошиқсиз ўлчаб солишни профессионалларга қўйиб беринг. Натижадан ҳафсала пир бўлгандан кўра, вақтида ўлчаб солган яхши. Айниқса торт ва пирог тайёрлашда аниқликка амал қилиш керак. Бунда фақат порция эмас, маҳсулотлар ҳарорати ва қўшиш кетма-кетлиги ҳам муҳим роль ўйнайди.

Ҳарорат режимига амал қилмаслик
Таом тайёрлашдан аввал маҳсулотлар ҳароратига эътибор қаратинг. Масалан стейк тайёрланадиган гўштни музлаткичдан аввалроқ олиб қўйиш керак. Йўқса, қовуриш жараёни чўзилиши, усти куйиб ичи хом бўлиб қолиши мумкин. Қат-қат ва қумоқ-қумоқ хамирли егуликлар учун эса маҳсулотлар ҳарорати совуқ бўлгани яхши. Бошқа хамирли таомлар учун эса маҳсулотларни музлатгичдан эртароқ олиб қўйган яхши.

Маҳсулотларни ўтмас пичоқ билан тўғраш
Ўтмас пичоқ билан тўғралганда маҳсулотлар шакли кўнгилдагидек чиқмаслиги масалан, помидорга ўхшаш сабзавотлар эзилиб кетиши бу эса таом таъмига таъсир қилиши мумкин. Қолаверса, бундай пичоқдан фойдаланганда ўзингизга ҳам шикаст етказишингиз мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Таом мазасига таъсир кўрсатадиган 8 хато