19:30 / 12.03.2022
2 268

Хона шароитида ўстириш мумкин бўлган мева ва сабзавотлар

Хона шароитида ўстириш мумкин бўлган мева ва сабзавотлар
Агар томорқангиз бўлмаса-ю, лекин ўз қўлларингиз билан бирор нарса етиштиришни хоҳласангиз, қуйидаги маълумотлар сиз учун фойдали бўлади.

Авокадо

Фото: «Домашний очаг»
Авакадонинг митти навлари хона шароитида ҳам яхши ўсади. Авокадони данагидан ҳам ўстириш мумкин, лекин бу жараён узоқ давом этади ва ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлавермайди — кўпинча бундай ўсимликлар мева бермайди, фақат яшиллиги билан эгасини қувонтиради.

Агар кўчатини сотиб олган бўлсангиз, бу бошқа гап. Кўчатни сирланмаган сопол идишга кўчиринг — у ўсимлик илдизидан камида 25 см кенгроқ ва 2 баробар чуқурроқ бўлиши керак. Тупроқ қисман қумдан иборат бўлсин. Авокадоларни мунтазам суғориб туринг, тез орада меҳнатингиз самарасини кўрасиз.

Сабзи

Фото: «Домашний очаг»
Сабзи жуда чидамли ўсимликдир. Уруғларни ўстириш учун ҳар қандай чуқур идиш ёки контейнер тўғри келади. Идишни қумли, ўғитли тупроқ билан тўлдиринг ва уруғларни 3-5 см оралиқда экинг. Ниҳол даврида тупроқ ҳар доим нам бўлиши керак. Ниҳолларнинг баландлиги 5 см га етганда, заиф, ёмон ривожланганларини олиб ташлаб, кўчатларни сийраклатинг.

Ловия

Фото: «Домашний очаг»
Бинонинг қуёшли томонидаги балконларда ловия яхши ўсади. Баҳор ловия экиш учун энг яхши вақт, ҳарорат ҳали жуда иссиқ бўлмайди. Ловияни тупроққа, тахминан, 2,5 см чуқурликда, бир-биридан 15 см масофа узоқликда экинг. Ловия — тирмашиб ўсадиган ўсимлик. Тувак асосига қулай бўлиши учун ёғоч панжара ўрнатинг.

Помидор

Фото: «Домашний очаг»
Квартирада помидор етиштириш учун ўрта навлар мос келади — рома ёки черри каби. Одатда ўсимликлар вертикал жўякларга экилади. Аммо яна бир вариант бор — осиб қўйиладиган безакли идиш. Помидор қуёш нурини яхши кўради — мева пишиши учун ўсимлик камида 12 соат қуёшда бўлиши керак.

Лимон

Фото: «Домашний очаг»
Ёрқин сариқ мевалар билан қопланган яшил дарахт ҳар қандай интерьер учун ажойиб безакдир. Бундан ташқари, гуллаган лимон хушбўй ҳид чиқаради. Лимон уруғини ўстириш ва парвариш қилиш кўп эътибор талаб қилиши мумкин, аммо натижа бунга арзийди.

Ежевика

Фото: «Домашний очаг»
Ежевика бутасига жуда кўп жой керак бўлиши мумкин, шунинг учун бундай тажрибалар катта балкон ёки ложали квартираларда амалга оширилади. Кўчатлар нейтрал ёки кислотали тупроқда яхши ўсади (pH 5-7). Ўсимликка яхши суғориш тизими ва кўп қуёш нурлари керак. Ежевика мунтазам равишда суғорилиши лозим. Ўсимлик жуда кўп меҳнат талаб қилади, аммо натижа албатта хурсанд қилади. Ежевика витаминлар ва ферментларга бой ноёб резавор мева ҳисобланади.

Голубика

Фото: «Домашний очаг»
Ўсимлик кўчатини кислотали (pH 4-5), яхши қуритилган тупроққа кўчиринг ва тувакни қуёшли жойга қўйинг. Буталарга катта идиш керак бўлади — кенглиги камида 45 см, чуқурлиги, тахминан, 50 см. Мунтазам суғориш ва тўғри парвариш қилсангиз, ўсимлик тез орада биринчи мевалари билан хурсанд қила бошлайди.

Қулупнай

Фото: «Домашний очаг»
Қулупнайни уруғдан етиштириш жуда қийин. Уйда ўстириш учун тайёр ва яхши ривожланган кўчатларни сотиб олган маъқул. Ўсимликларга кенг қути (қулупнай кенг жойни яхши кўради) ва енгил, унумдор тупроқ керак бўлади. Қайси навни сотиб олганингизга қараб, парвариш қилиш бўйича кўрсатмалар фарқланади. Шартлар оддий — мунтазам суғориш, етарли қуёш нури, тупроқни ўғитлаш ва меҳр билан парваришлаш.

Хона шароитида, Ўстириш мумкин, Мева ва сабзавот, Қулупнай, Помидор, Лимон, Сабзи

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Хона шароитида ўстириш мумкин бўлган мева ва сабзавотлар