Пахта ёғининг нархи пасайди: Ўзбекистон биржасида ўтган ҳафтадаги вазият қандай бўлди?
Ўтган ҳафта давомида, яъни 24—30 апрель кунлари Ўзбекистон товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида 2,5 трлн сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 27 фоизга кўпдир. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.
Бунда тузилган битимларнинг қарийб 80,5 фоизи биржа савдоларига, қолган 19,5 фоиз қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 624,3 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 108 млрд сўмлик маблағлари тежалди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 2 138 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 13,8 млрд сўмни ташкил қилди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 2 трлн сўмлик товар ресурслари сотилди, шу жумладан:
Цемент
Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларида 70 366 тонна цемент сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 20,9 минг тоннани ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 655,5 минг сўмдан 639,2 минг сўмгача пасайди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 190 та харидор иштирок этди.
Кўмир
Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 12 951 тонна кўмир қўйилди ва ундан 817 тоннаси, яъни 36,9 фоиз қисми сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 2 та харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда кўмирнинг ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 371,0 минг сўмдан 332,8 минг сўмгача пасайди.
Пахта ёғи
Ўтган ҳафтада биржа савдоларида 1 812 тонна пахта ёғи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 54 та харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14,2 млн сўмдан 12,9 млн сўмгача пасайди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг