Шавкат Мирзиёев 20 август куни Будапешт шаҳрига ташрифи доирасида Европанинг етакчи “OTP” банки бошқаруви раиси Шандор Чанини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Венгрия ишбилармонлари билан ҳамкорликдаги биринчи йирик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгани – “OTP” банки Ўзбекистон бозорига кирганини қайд этди. “Ипотека банк”ни хусусийлаштириш бўйича битим муваффақиятли амалга оширилгани хорижий инвесторларга муҳим ишора бўлгани ва уларнинг мамлакатга қизиқишини оширгани қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон банк-молия соҳасини ривожлантириш, шу жумладан хизматлар сифатини ошириш, энг аввало, бизнес учун инновацион ва арзон маҳсулотларни жорий этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг самарали молиявий воситаларини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди.
Банк раҳбари Шандор Чани Венгрия компаниялари ўз инвестициявий фаолиятини кенгайтиришига яратилган қулай шароитлар учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдирди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг