Шавкат Мирзиёев 29 сентябрь куни Берлин шаҳридаги биринчи “Марказий Осиё—Германия” саммити доирасида Германия канцлери Олаф Шольц билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ишбилармонлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон раҳбарининг жорий йил май ойидаги Берлинга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга кучли суръат бағишлагани таъкидланди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва саноат кооперацияси кўрсаткичлари икки баробар ўсди. Мамлакатда Германиянинг “Volkswagen”, “MAN”, “CLAAS”, “Siemens”, “Linde”, “Aurubis”, “Henkel”, “Knauf”, “Papenburg”, “Deutsche Kabel” ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Тоғ-кон, энергетика, кимё, электротехника, тўқимачилик саноати ва инфратузилма бўйича янги лойиҳалар портфели шакллантирилган. Давлат раҳбари қўшма иқтисодий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, муқобил энергетикани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари бошқарувини рақамлаштириш, хом ашёни чуқур қайта ишлаш, молиявий воситаларни кенгайтириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, миграция ва кўчувчанлик соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.
Маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, фан ва таълим соҳаларида қўшма дастурларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольцни расмий ташриф билан мамлакатга келишга таклиф этди.