Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда электромобилларни оммалаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқчи.
Транспорт вазирлиги хабарига кўра, вазир биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ОТБ вакиллари билан учрашиб, Яшил иқлим фондининг «Электромобиллик дастури»ни молиялаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Дастур тижорат электромобилларини оммалаштиришдаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган. У 4 та йўналишни ўз ичига олади: электробуслар паркини ва ёрдамчи инфратузилмани жойлаштириш, жамоат транспорти тизимини яхшилаш ҳамда унинг барқарорлигини таъминлаш, электромобилларни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш.
Қайд этилишича, дастурни молиялаштириш бўйича таклиф этилаётган маблағ 170 млн долларни ташкил этади. Шундан 65 млн доллари грант, қолган 105 млн доллари қарз маблағидан иборат.
2024 йилгача мамлакатда қуриб битказилган савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, АЁҚШ, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўллари бўйида электромобилларни қувватлантириш станцияларини киритиш талаби белгиланган.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг