Ўзбекистонга 2030 йилгача Форс Кўрфази мамлакатларидан 10 миллиард доллар жалб қилинади
Ўзбекистонликлар томонидан АҚШда ташкил қилинган GulfCA Corp. компанияси 2030 йилга қадар Форс кўрфазидаги араб мамлакатлари, хусусан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатардан 10 миллиард доллар қийматга эга инвестицион ва бизнес лойиҳаларни олиб келишда воситачилик қилади. Бу ҳақда GulfCA компанияси асосчиси, дунёнинг 22та мамлакатида бир нечта муваффақиятли инвестицион банкларни ташкил қилган Алишер Жуманов Лондонда бўлиб ўтган “Ўзбекистонлик” форумида маълум қилди.
“Бир неча йилдан бери жамоамиз билан ўз минтақамиз, хусусан, она ватанимиз Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш, йирик халқаро компанияларни ушбу бозорларга олиб кириш бўйича бизнес бошлаш нияти бор эди. Ўтган ойлар давомида дунёнинг турли нуқталарида асли ўзбекистонлик молиячи профессионаллар билан мулоқот қилиб, ушбу ишни ваниҳоят бошлашга, бунда Марказий Осиё ва Ўзбекистондан чиқиб, дунё бўйлаб фаолият юритаётган мутахассислар салоҳиятидан фойдаланишга қарор қилдик”, - дейди Жуманов ўзининг “Ўзбекистонлик” форуми доирасида қилган тақдимотида.
Жумановнинг таъкидлашича, “Ўзбекистонлик” форуми каби майдончаларда бугун хорижда яшаётган, ўз бизнесини юритаётган ёки ўз соҳасида салмоқли тажрибага эга ватандошлар ўз фикри, таклифлари ва дунёқарашини эркин кўрсата олиши мамлакатимиз тарихида бир прецедент: “Бу охирги йиллардагина мумкин бўлди. Мустақил Ўзбекистондан биринчилардан бўлиб Колумбия университетида таҳсил олган ва умрининг кўпроқ қисмини чет элда ўтказган одам сифатида авваллари яшаган мамлакатларимизда Ўзбекистон элчихонаси тадбирларига бормасликка ҳаракат қилар эдик. Бугун вазият ўзгарганини эътироф қилиш керак”, - дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan’s club Алишер Жумановни Париж шаҳрида бўлиб ўтган II халқаро “Ўзбекистонлик” форумига спикер сифатида жалб қилиб, унга мастер резидент мақомини берган эди. Париждаги форумда глобал инвестицион банкир 15 йил аввал бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассислардан жамоа тузиб Мўғулистон, Мьянма, Мозамбик, Аргентина каби мамлакатларда муваффақиятли инвестицион бизнесни йўлга қўйгани, “ўзбекистонликлар дунёнинг истаган жойида зўр бизнес қила олиши”ни ўзи ва бошқалар учун исботлагани ҳақида сўзлаб берганди.
Uzbekistan’s club бундай форумларни ташкил этишда давом этади, кейинги форум АҚШда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Uzbekistan's сlub ҳамкорлари Ucell алоқа оператори ва Тошкентдаги Турин политехника университети. Лойиҳа Ëшлар ишлари агентлиги томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Лойиҳа "қанотлари" — Uzbekistan Airways.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг