Ўзбекистон ва «Газпром» энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзолади
«Санкт-Петербург халқаро газ форуми – 2023» доирасида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Газпром» АЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар ҳамкорликнинг бориши ҳамда истиқболларини кўриб чиқди. Жорий йилнинг октябр ойида бошланган Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистон истеъмолчиларини энергия билан барқарор таъминлашда «Марказий Осиё – Марказ» газ қувурлари тизими асосидаги махсус ажратилган йўналиш алоҳида ўрин тутиши, бу, айниқса, куз-қиш мавсумида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашувда Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Алексей Миллер энергетика комплексидаги ҳамкорлик бўйича стратегик меморандумни имзолади.
Ҳужжатга кўра, томонлар газ таъминоти ҳамда ташиш соҳасида, шунингдек, углеводородларни геология-қидирув ва қазиб олиш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантиради.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг