21 ноябр куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мажлисда Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов 2024 йилдан маҳаллалар ўз бюджетига эга бўлишига оид масалани кўтарди.
Депутат 2024 йилги бюджет қонуни лойиҳасида маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини ошириш ва маҳаллалардаги йирик бўлмаган лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда муаммоларни мустақил ҳал этишни ташкил қилиш мақсадида “Маҳалла бюджети” тизими жорий этиш таклиф қилинаётганини назарда тутаркан, бу маблағларнинг назорати қандай бўлишини сўради.
“Маҳаллага қўшимча куч ва имкониятлар бериляпти. Бу дегани ваколат ҳам, масъулият ҳам қуйи тизимга тушяпти. Қонун лойиҳасига кўра, 2024 йилдан бошлаб ҳар бир маҳалла ўзининг бюджетига эга бўлиши, қолаверса, ер ва мол-мулк солиқлари тушумларининг 10 фоизи уларда қолиши белгиланяпти. Бу дегани ҳар бир маҳалла ўртача 100 млн сўм ўз бюджетига эга бўлади дегани. Маҳалла институтининг ўзига хослигини сақлаб қолишимиз керак, шу маънода маблағларни ўз вақтида, ўз эгасига манзилли сарфлаш учун бугунги кундаги тизим талабга жавоб берадими?” – деди депутат.
Саволга иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Абдулазиз Ҳайдаров жавоб берди. Унинг айтишича, маҳалла тизими фаолиятини такомиллаштириш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланган бўлиб, молиялаштириш тизими тубдан ўзгаряпти.
“Бугунги кунда маҳалла фаолияти маҳаллий бюджетдан молиялаштирилса, энди Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларидан молиялаштирилиши кўзда тутиляпти. Маблағлар тўғридан тўғри берилмасдан жамоат фонди томонидан маҳалланинг фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади. Бунда йўналиш икки қисмга бўлинади, биринчиси, маҳалла фаолиятини тўғридан тўғри молиялаштириш бўлса, иккинчиси, маҳаллани қўллаб-қувватлаш жамғармаси. Яъни юқорида айтган жамғарманинг маблағларини сарфлаш тартиби белгиланмоқда. Қандай амалга оширилади, маблағлар қаерда жамланади, ким тақсимлайди – қарор лойиҳасида молиялаштириш механизми аниқ кўрсатилган”, – деди ИМВ вакили.
Абдулазиз Ҳайдаровнинг таъкидлашича, маҳалла фуқаролар йиғинлари маблағларни тақсимлаш, молиялаштириш билан шуғулланмайди.
“Бу ерда маҳалла уюшмаси деган янги тузилма яратиляпти. Бу уюшма вертикал тизим бўлиб, республика, вилоят ҳамда туман, шаҳар бошқаруви бўлади. Жамоат фондидан маблағлар мана шу уюшмага етказилади ва маҳалла уюшмаси электрон платформа орқали шаклланадиган тўлов тизими орқали маблағларни молиялаштириб беради. Назорат тизими ҳам тартибга солинади”, – деди у.
Жавобга қўшимча қилган иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2024 йилда маҳалла бюджетларида йиғиладиган пуллар катта бўлмаслигини таъкидлади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг“Тўғри, хавотирли саволни бердингиз. Шунинг учун оз-оздан бошлаймиз. Бу пул кўпайиб бориши билан маҳалладаги одамларнинг малакаси ҳам ошиб бораверади”, – деди Қўчқоров.