Куни кеча АИ-80 русумли ёқилғининг нархи ошгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан берилган расмий маълумотда айтилишича, 2023 йил 31 декабрига қадар амалда бўлиб келган акциз солиғи билан боғлиқ имтиёз якунига етгани боис, нархда ўзгариш бўлган.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-440-сон ва 2023 йил 23 февралдаги «Истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-80-сонли қарорлар асосида 2023 йил 1 мартдан 2023 йил 31 декабрга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғи «ноль» ставка қўлланилган. Шундан келиб чиқиб, АИ-80 русумли автобензиннинг чакана нархлари 1 литр учун 6 050 сўм этиб белгиланган эди.
2024 йил 1 январь кунидан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги ҳамда «UNG Petro» МЧЖнинг АЁҚШларида АИ-80 русумидаги автобензиннинг чакана нархи 1 литр учун 6 800 сўм этиб белгиланди.
Маълумот учун: импорт қилинадиган ва маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган автобензиннинг акциз солиқ ставкаси 1 тонна учун 303 минг сўм ва якуний истеъмолчига реализация қилинадиган автобензиннинг солиқ ставкаси 1 тонна учун 565 минг сўм ёки бир литр учун 425 сўм», – дейилади «Ўзбекнефтгаз» АЖ Ахборот хизмати томонидан берилган маълумотда.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг