13:13 / 20.11.2024
5

Ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди

Ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлатимиз раҳбари Ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берди.

Аввало, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб, келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6-7 фоиз атрофида таъминлаш зарур. Бунда инфляция даражаси 5-6 фоиз, бюджет тақчиллиги 3 фоиз доирасида бўлишига эришиш, йиллик кредитлаш ҳажмини 30 миллиард долларга олиб чиқиш асосий вазифа бўлади.

Ушбу даврда Ҳукумат камида 100 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштиришга ҳамда йиллик экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга олиб чиқиб, унда тайёр маҳсулотлар улушини 50 фоизга етказишга эришиши лозимлиги таъкидланди.

Хорижий туристлар оқимини 5 йилда 15 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга олиб чиқиш учун барча имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга норасмий иқтисодиётни «соядан чиқариш»да рақамли технологияларни таянч воситага айлантириш лозим. Хусусан, келгуси йилда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни янада рағбатлантириб, онлайн тўловлар улушини 60 фоизга етказиш муҳим вазифа бўлади.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида асосий чора-тадбирлар амалга оширилгани ва яқин йилларда ушбу ташкилотга албатта аъзо бўлиб киришимиз таъкидланди.

Бу йил Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон туманларида амалга оширилган ишларнинг ижобий натижалари асосида “Камбағалликдан фаровонлик сари” комплекс дастури қабул қилинган эди.

Эндиликда кўп қиррали ёндашувлар асосида камбағал оилаларнинг аъзоларига сифатли таълим бериш, уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, соғлиғини яхшилаш, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича индивидуал кўмак бериш пакетлари бўлиши белгиланди.

2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш Вазирлар Маҳкамаси иқтисодий комплексининг асосий вазифаси этиб белгиланади.

Шу мақсадда камбағал оилалар болалари мактабларда чет тили, касб-ҳунар ва IT бўйича бепул билим олиши учун 500 миллиард сўм ажратилади. Ижтимоий аҳволи оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилмани яхшилаш дастури амалга оширилади. Бунга 2 триллион сўм йўналтирилади.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга жами 46,5 триллион сўм маблағ сарфланади.

Ҳукумат 2030 йилгача ишсизликни халқаро эътироф этилган даража – 5-6 фоиздан оширмаслик бўйича долзарб вазифаларни ҳам самарали ҳал этиши лозимлиги таъкидланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди