10:30 / 28.03.2025
685

Шавкат Мирзиёев Кая Калласни қабул қилди: маълумотлар

Шавкат Мирзиёев Кая Калласни қабул қилди: маълумотлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 март куни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва бўлажак қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Жорий йил 3-4 апрел кунлари Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммити тадбирларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун Ашхобод шаҳрида ўтган вазирлар даражасидаги кўп томонлама учрашувнинг самарали якунлари юксак баҳоланди.

Савдо ва логистика, шу жумладан Транскаспий транспорт йўлаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, рақамлаштириш, "яшил" энергетика, экология, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишларда икки минтақа ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни илгари суриш, ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишнинг самарали механизмларини жорий қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистоннинг EИ институтлари билан муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни қабул қилиш ҳамда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт