21:06 / 01.04.2025
477

Temu маркетплейси Ўзбекистонда қанча солиқ тўлаши керак?

Temu маркетплейси Ўзбекистонда қанча солиқ тўлаши керак?
Хитойнинг Temu маркетплейси Ўзбекистонда 46 млрд сўм солиқ тўлаши керак. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълумот берди.

«Биз интернет орқали савдо қилиш тизимини тўлиқ таҳлил қилдик. Таҳлиллар натижасида жуда кўплаб электрон савдо ташкилотлари солиқ тўламаётгани аниқланди. Нафақат Temu, балки Wildberries ҳам солиқ тўламаган. Бу ерда савол туғиляпти, нима учун айнан Temu? Биз барча электрон платформаларга солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича огоҳлантириш хатини берганмиз», деди у.

Шу билан бирга, Мирзаев Россиянинг Wildberries маркетплейси аллақачон 52 млрд сўм солиқ тўлаб берганини айтди.

«Temu бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 46 млрд сўм солиқ тўланмагани аниқланди. Биз эътироз хати берганмиз. Қачон солиқни тўласа уларнинг фаолиятини қонунийлаштириб берамиз», деди Мубин Мирзаев.

Ўзбекистонда Temu платформасидан фойдаланиш 2025 йил 20 мартдан бошлаб чекланиши ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ Temu маркетплейси юридик шахс — Ўзбекистон Республикаси резиденти сифатида рўйхатдан ўтди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 2-банди билан электрон тижорат операторлари, хусусан, электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар — Ўзбекистон резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт