
Сунъий интеллект шохсупани босиб олмоқда! Американинг илғор технологиялар лидери — OpenAI компанияси Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи хорижий компания сифатида расман рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси маълум қилди.
ChatGPT — энди солиқ тўловчи!
Инспекция хабарида айтилишича, машҳур ChatGPT чат-боти ҳамда DALL·E нейротасвирлар генератори билан бутун дунёда танилган OpenAI компанияси Ўзбекистонда Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган.
“Американинг OpenAI компанияси Ўзбекистонда ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди”, — дейилади расмий баёнотда.
Нархларга таъсири қандай бўлади?
Айни пайтда OpenAI ўзбекистонликлар учун ChatGPT'нинг учта версиясини таклиф қилмоқда:
- Бепул
- Plus — ойига $20
- Pro — ойига $200
Компаниянинг расман солиқ тўлашни бошлаши нарх сиёсатига таъсир қилиши мумкин, бироқ ҳозирча бу масалада расмий маълумот йўқ. Аммо нархларда ўзгариш бўлса, биринчи бўлиб мухлислар билади!
67-чи компания
Шу билан, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган хорижий интернет-компаниялар сони 67 тага етди. Фақат 2025 йил бошидан бери 7 та йирик компания электрон хизматлар соҳасида расмий солиқ тўловчисига айланди.
Нега бу муҳим?
OpenAI’нинг расман рўйхатдан ўтиши — мамлакатимизда рақамли хизматларга бўлган эҳтиёж ошиб бораётганининг ёрқин исботи. Давлат интернет-гигантлар билан очиқ ва қонуний ҳамкорлик қилишга интилмоқда.
Яқин келажакда Google, Amazon ва бошқа технологик титанларнинг ҳам шундай қадам ташлаши эҳтимолдан холи эмас.
ChatGPT энди нафақат саволларга жавоб беради, балки Ўзбекистонда расман солиқ ҳам тўлайди! Рақамли инқилобнинг навбатдаги босқичи бошланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!