date
views 41

Франциядан 30 миллион евро: Ўзбекистонда уй-жойларда энергия самарадорлиги оширилади

Франциядан 30 миллион евро: Ўзбекистонда уй-жойларда энергия самарадорлиги оширилади
Ўзбекистонда экологик барқарорлик ва энергия тежовчан уй-жойлар концепциясини амалиётга жорий этиш мақсадида Франция тараққиёт агентлиги (AFD) томонидан молиявий ва техник ёрдам кўрсатилиши кутилмоқда. Мазкур ҳамкорлик доирасида AFD Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига 30 миллион евро миқдорида кредит ажратиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги тарқатган расмий маълумотга кўра, лойиҳа Ўзбекистонда турар-жой биноларининг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилмоқда. Айни вақтда лойиҳа бўйича баҳолаш ва тайёргарлик жараёнлари олиб борилаётгани қайд этилган.

Ҳужжатга кўра, Франциянинг ушбу агентлиги томонидан тақдим этиладиган кредит линияси ва техник кўмак орқали тижорат банклари воситасида якуний истеъмолчилар — аҳоли ва хусусий сектор субъектларига қулай шартларда кредитлар тақдим этилиши режалаштирилган. Бунда маблағлар асосан энергия тежайдиган технологиялар билан жиҳозланган ёки шундай технологияларни жорий этишни режа қилган турар-жойларга йўналтирилади.

Лойиҳа доирасида фуқароларнинг энергия тежаш бўйича билим ва муносабатини ўрганиш учун онлайн тарзда махсус сўровнома ҳам ўтказилмоқда. Мазкур саволнома француз компаниялари – Juru ва AETS мутахассислари томонидан тайёрланган бўлиб, у орқали йиғилган маълумотлар лойиҳанинг иқтисодий ва техник асосларини шакллантиришга хизмат қилади.

Энергетика вазирлиги бу ташаббус нафақат аҳолининг электр энергиясига бўлган харажатини қисқартириши, балки умумий экологик муҳитни яхшилашига ҳам ишонч билдирмоқда.

Умуман олганда, AFD билан ушбу стратегик ҳамкорлик Ўзбекистонда барқарор уй-жой сиёсати ва яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Мазкур лойиҳа амалга ошиши орқали нафақат юртдошларимиз ўз энергия харажатларини қисқартириш имконига эга бўладилар, балки мамлакатдаги экологик маданият ҳам янада юксалиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Франциядан 30 миллион евро: Ўзбекистонда уй-жойларда энергия самарадорлиги оширилади