date
views 4 477

Шавкат Мирзиёев сенсацион баёнот берди: ерости бойлигимиз 3 триллион доллар!

Шавкат Мирзиёев сенсацион баёнот берди: ерости бойлигимиз 3 триллион доллар!
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев IV Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи сессиясида нутқ сўзлаб, мамлакатимизнинг ерости ресурслари ҳақида ўта муҳим ва эътиборга молик маълумотларни эълон қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги кунда жаҳонда тўртинчи саноат инқилобининг тезкор ривожланиши натижасида технологик минералларга талаб бир неча баробар ошмоқда. Бундай шароитда Ўзбекистоннинг ерости ресурслари глобал аҳамиятга эга бўлиб, иқтисодиётимизнинг янги ўсиш нуқтаси бўлиши мумкин.

Президент ўз нутқида Ўзбекистонда катта ҳажмдаги волфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий ва титан каби қимматбаҳо минераллар захиралари борлигини урғулаб ўтди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг ерости бойликлари умумий қиймати 3 триллион долларга яқинлашади.

Шу билан бирга, давлат раҳбари мамлакатимиз минерал ресурслардан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи минтақавий марказга айланиш учун барча имкониятларга эга эканини алоҳида қайд этди.

“Биз ҳозирда Тошкент ва Самарқанд вилоятларида келажак металллари технопаркларини барпо этмоқдамиз. Бу ерда инновацион, юқори технологияли ишлаб чиқаришлар ташкил этилади. Бу эса мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади”, – деди Мирзиёев.

Президент ўз нутқи давомида хорижий инвесторларни қизиқтириши мумкин бўлган янги ташаббусни ҳам илгари сурди. Унга кўра, Ўзбекистонда геология-қидирув ишларидан бошлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини тўлиқ йўлга қўядиган инвесторларга 10 йил давомида рента солиғи қайтариб берилади.

“Ишончим комилки, бу каби қулайлик ва имтиёзлар хорижий ҳамкорларимиз учун жуда қизиқарли бўлади. Биз сизлар билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилишни, ўзаро манфаатли бизнес шериклик муносабатларини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз”, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг ушбу нутқи форум иштирокчилари ва халқаро экспертлар орасида кенг муҳокама қилиниб, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий имкониятлари яна бир бор эътибор марказида бўлмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Шавкат Мирзиёев сенсацион баёнот берди: ерости бойлигимиз 3 триллион доллар!