Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар орасида катта шов-шувга сабаб бўлган маълумотлар тарқалди. Бир қатор тадбиркорлар Давлат солиқ қўмитаси томонидан асосланмаган ҳолда ҳисобларидан йирик миқдорда маблағ ечилгани ҳақида мурожаат қилишди. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, умумий сумма қарийб 6 триллион сўмга етиши мумкин.
Тадбиркорлар мурожаатлари ва даъволар
Мурожаат қилганлардан бири ўз ҳолатини қуйидагича ёзиб қолдирган:
«Биздан тахминан 200 миллион сўм атрофида ноқонуний равишда пул ечилди. Ўзим аудитор сифатида фаолият юритаман ва шундай вазият ҳозир барча ташкилотларда кузатилмоқда».
Бу эса масала жуда кенг қамровли ва кўплаб хўжалик субъектларига тааллуқли бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Солиқ қўмитаси изоҳи: техник носозлик сабаб бўлган
Давлат солиқ қўмитаси бу вазият юзасидан расмий муносабат билдириб, электрон солиқ хизматлари портали — my3.soliq.uzда техник муаммо юзага келганини маълум қилди.
Расмий ахборотда таъкидланишича, мазкур техник носозлик натижасида солиштирма далолатнома бўйича нотўғри солиқ қарздорлиги ҳақида маълумот чиқиши, маблағ ечилгани ёки бошқа хато кўрсаткичлар пайдо бўлиши мумкин.
Муаммони бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда
Қўмита вазият тўлиқ назорат остида эканини ва мутахассислар айни пайтда техник нуқсонларни бартараф этиш устида ишлаётганини билдирди. Муаммо ҳал этилгандан сўнг барча маълумотлар тикланиши, ҳамда асоссиз ечилган маблағлар тадбиркорларга қайтарилиши кафолатланaди.
Расмий чақириқ
Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлардан вазиятни тўғри қабул қилишларини сўраб, қуйидагича мурожаат қилди:
«Тушунганингиз учун раҳмат! Барча техник носозликлар йўқотилганидан кейин, ҳеч қандай маблағ йўқотиш ҳолати қолмайди».