Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда бизнес соҳасида муҳим янгиликларни маълум қилди. Давлат раҳбарининг айтишича, солиқ текширувлари жараёнида 20 мингдан зиёд тадбиркорларда 16 триллион сўмдан ортиқ хато ва камчиликлар аниқланган бўлса-да, улар учун жазо чоралари қўлланилмайди.
Президент бу камчиликлар минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаб, бундай ҳолатга йўл қўймаслик зарурлигини қайд этди.
«Шу сабаб бугун ўзгача тартиб – амнистия эълон қиламиз. Ушбу текширувлар бўйича ҳеч қандай жазо бўлмайди. Бундан кўра тадбиркорларимизга 1 ноябргача барча хатоларини ихтиёрий равишда тўғрилаш имкони берилади. Яъни 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик рейтингида ҳамма “тоза саҳифа”дан йўл олади», – деди Мирзиёев.
Фойда солиғида янги енгилликлар
Президентнинг маълум қилишича, фойда солиғи бўйича аванс тўлов чегараси икки баробарга оширилади.
Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан юқори бўлган корхоналар аванс тўлов қилишга мажбур эди ва бу айланма маблағ билан муомалада қийинчилик туғдираётган эди.
Эндиликда бу тартиб фақат йиллик айланмаси 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлган корхоналар учун амал қилади. Шу орқали 14 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча 1 триллион сўм айланма маблағ қолиши кутилмоқда.
ҚҚСга ўтувчи корхоналар учун имтиёзлар
Президентнинг таъкидлашича, айланма солиқдан ҚҚСга ўтишда тадбиркорларда ҳануз кўп шубҳалар бор: «Ҳисобот қийин, бухгалтер ёллаш керак, харажат кўпайиб кетади» деган фикрлар кенг тарқалган. Шу боис қатор енгилликлар берилади:
-
айланма солиқдан ҚҚСга ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғидан озод қилинади;
-
ҳисоботда хатолар бўлса, жарима қўлланмайди;
-
бухгалтер маошининг 5 миллион сўмгача қисми 6 ойгача солиқдан чегирилади.
Шунингдек, икки йил аввал жорий этилган, айланмадан солиқ тўловчилар бухгалтериясини солиқчиларнинг ўзи юритадиган тизим янада кенгайтирилади. Келгуси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботини тадбиркорлар эмас, балки солиқ қўмитаси ўзи тайёрлаб беради. Тадбиркорлар эса 5 кун ичида зарур тузатиш киритиш имкониятига эга бўлади.
Ягона жарима тизими жорий этилади
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, бугунгача кичик ва йирик бизнес кечиктирилган ҳисобот учун бир хил жарима тўлаб келаётгани, энг ёмони эса ҳар бир ҳисобот турига алоҳида жарима белгилангани тадбиркорларни қийнар эди.
Шу боис, 1 ноябрдан бошлаб кечиктирилган ҳисоботлар сонига қарамасдан ягона жарима тизими жорий этилади. Кичик бизнес учун эса жарима миқдори уч баробарга қисқартирилади.
Мутахассислар фикрича, ушбу ислоҳотлар тадбиркорлик муҳитини сезиларли даражада енгиллаштириб, бизнес вакиллари учун янги имкониятлар эшигини очади.