Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил август ойи якунида мамлакатимизда истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,4 фоизга қимматлашди.
Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) эса 108,8 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йил августида қайд этилган 110,5 фоиздан 1,7 фоиз бандга паст, яъни ўтган йилга нисбатан инфляция даражасида маълум бир пасайиш кузатилмоқда.
Ойлик кўрсаткичларга назар ташлайдиган бўлсак, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган. Ноозиқ-овқат товарларида 0,3 фоизлик ўсиш, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматларда эса 0,3 фоизлик қимматлашиш қайд этилди.
Асосий озиқ-овқат турларидан тарвуз (28,7 фоиз), қовун (11,7 фоиз), карам (11,4 фоиз), картошка (3,5 фоиз), тухум (2,7 фоиз), парранда гўшти (1,9 фоиз), пахта мойи (1,6 фоиз), қўй гўшти (1,4 фоиз) ва мол гўшти (0,2 фоиз) нархларидаги кўтарилиш август инфляциясига асосий таъсир кўрсатди.
Шу билан бирга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида бензин (3,1 фоиз) ва цемент (0,8 фоиз) нархининг кўтарилиши ҳам қайд этилди. Хизматлар соҳасида эса ҳуқуқий хизматлар (9,9 фоиз), маиший чиқиндилар учун тўлов (3,0 фоиз), шунингдек, эркаклар ва ўғил болалар учун сартарошхона хизматлари (1,0 фоиз) инфляция ўсишида асосий омиллардан бири бўлди.
Расмий маълумотларга кўра, ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан зиёд савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 170 мингга яқин нархлар қайд этилган. Умумий ҳисобда 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 90 турдаги хизматлар нархлари мунтазам равишда кузатиб борилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!