Ўзбекистон ва Малайзия 5 миллиард доллардан (тақрибан 64,5 трлн сўм) зиёд қийматдаги 40 дан ортиқ қўшма лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда, деб Kursiv.media хабар берди.
Bernama агентлиги маълумотига кўра, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари муҳим аҳамият касб этди.
2024 йил май ойида Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим Ўзбекистонга 16 йиллик танаффусдан сўнг ташриф буюрди. 2025 йил февралда эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 йил ичида илк бор Малайзияга расмий ташриф амалга оширди.
Нашр таъкидлашича, мазкур тарихий ташрифлар ва имзоланган келишувлар икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очди.
Малайзия 1991 йили Ўзбекистон мустақиллигини эътироф этган илк давлатлардан бири бўлган. Дипломатик алоқалар 1992 йил 21 январда ўрнатилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!