“Heemera” хусусий корхонаси нуфузли “Google Accelerator: AI First Program” дастури иштирокчилари қаторига киритилди. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) расмий равишда маълумот тарқатди.
Маълум қилинишича, шу тариқа “Heemera” Google’нинг мазкур дастурига қабул қилинган илк ўзбекистонлик компания сифатида тарихда қолди.
Акселератор дастурининг имкониятлари орқали компания Google мутахассислари ва бутун экотизимининг техник ҳамда бизнес тажрибасидан самарали фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, уларга индивидуал кўмак, махсус тренинглар, тажрибали мураббийлар маслаҳати ва маҳсулот ривожлантириш стратегияси бўйича йўл-йўриқлар тақдим этилади.
Дастур доирасида “Heemera” Google жамоаси билан ҳамкорлик қилиб, блокчейн таҳлили, криптовалюталарга оид тергов ишлари ва крипто-активларни қайтариш бўйича сунъий интеллект ечимларини янада такомиллаштиради. Шунингдек, компания ўз фаолиятини халқаро миқёсда кенгайтиришга қаратилган қадамларни ҳам амалга ошириши режалаштирилган.
Расмий маълумотда таъкидланишича, “Heemera”нинг ушбу нуфузли дастурга қабул қилиниши Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси ҳамда сунъий интеллект соҳасидаги инновацион ташаббусларни ривожлантириш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Бу эса мамлакатнинг криптоиндустрия ва замонавий технологик ечимлар бўйича минтақавий марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!