Ўзбекистон ва Иордания қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор янги келишувларга эришди. Сафар доирасида Иордания қишлоқ хўжалиги вазири Абдулҳалим Саэб билан учрашув ўтказилиб, икки давлат аграр соҳадаги истиқболли йўналишларни муҳокама қилди.
Музокаралар жараёнида асосий эътибор сув танқислиги ва тупроқнинг шўрланишига чидамли экин турларига қаратилди. Хусусан, Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш учун шўрга бардошли помидор, буғдой ва арпа навларини киритиш масаласида келишувга эришилди. Шу мақсадда синов далаларида турли тажрибалар ўтказилиб, олинган натижалардан келиб чиқиб янги агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, чорвачилик соҳасига ҳам катта эътибор қаратилди. Иордания томони “Авасси” зотли қўйларни Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Дастлаб тўрт бош қўй ҳадя сифатида тақдим этилиши ва қўшимча равишда музлатилган уруғ материаллари юборилиши маълум қилинди. Бу ташаббус маҳаллий чорвачиликда янги генетик имкониятларни очиши кутилмоқда.
Музокараларда қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик ресурсларини ўзаро алмашиш ва генетик банклар ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг ўсимликлар генетик ресурслари бўйича халқаро шартномага қўшилиши юзасидан музокаралар олиб борилди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, Made in Uzbekistan бренди остида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасини ташкил этишга келишиб олдилар. Мазкур тадбир Иорданиянинг йирик импортёрлари, тадбиркорлари ва инвесторларини жалб қилиб, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Ўзаро келишувлар нафақат агросоҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки иқтисодий ва илмий йўналишлардаги ҳамкорликка ҳам янги туртки бериши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!