19 сентябр куни бўлиб ўтган медиа-мулоқот давомида Ўзбекистон Марказий банки вакиллари мамлакатдаги олтин нархининг ўсиши сўмнинг АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланиши билан боғлиқ эмаслигини қатъий равишда таъкидлади. Бу ҳақда регуляторнинг Халқаро резервларни бошқариш департаменти раҳбари Санжар Валиевнинг фикрларига асосланиб, Spot нашри маълум қилди.
Санжар Валиевга кўра, олтин-валюта захиралари хорижий валюталарда шакллантирилади ва уларнинг ҳажми эълон қилинган статистик кўрсаткичларда долларда акс эттирилади. Шу боис, сўм билан бевосита боғлиқлик мавжуд эмас.
«Олтин нархи кўтарилиши билан сўмнинг курси ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ҳақида айтиш нотўғри. Бу жараёнда сўмнинг иштироки йўқ. Захиралар ҳажми фақат АҚШ доллари ҳисобида эълон қилинади», — деди Валиев.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойи давомида Ўзбекистоннинг олтин экспорти 8,4 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич қиймат жиҳатидан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 68,5 фоизга кўпдир.
Молия бозорини кузатувчи мутахассислар фикрича, бу рақамлар мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси ва халқаро молиявий захиралари барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, миллий валюта — сўмнинг долларга нисбатан ҳаракатлари олтин нархининг ўзгариши билан эмас, балки ташқи иқтисодий омиллар ва глобал бозордаги конъюнктура билан белгиланиши қайд этилмоқда.
Марказий банкнинг ушбу баёноти мамлакатдаги иқтисодий жараёнларнинг шаффофлиги ва халқаро бозор талабларига уйғун ҳолда йўлга қўйилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!