1 апрелдан Ўзбекистонда аксизлар ошади

Ўзбекистон ҳукумати солиқ қонунчилигини кенг кўламда янгилашга киришмоқда. 25 декабр куни Шавкат Мирзиёев имзолаган ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб республикада аксиз солиғининг янги ставкалари кучга киради. Ўзгаришлар ёқилғи-мойлаш маҳсулотларидан тортиб озиқ-овқат сегментигача бўлган кўплаб истеъмол товарларига таъсир қилади. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Энг катта эътибор нефть маҳсулотлари ва газ бозорига қаратилди: бу йўналишда ставкалар ўртача 7% атрофида ўсади. Ишлаб чиқарувчилар учун АИ-80 ва ундан юқори маркали бензиннинг бир тоннасига аксиз 375 000 сўмдан 402 000 сўмга кўтарилади. АИ-91 бўйича ҳам шунга яқин ўзгариш бор: 335 000 сўм ўрнига 360 000 сўм. Авиация керосини (синтетик турларидан ташқари) учун ставка 300 000 сўмдан 321 000 сўмга ошади.
Дизел ёқилғисида ҳам солиқ босими кучаяди: стандарт дизелнинг бир тоннаси 385 000 сўмгача етади. “Eco” маркали экологик тоза дизел эса аввалги 325 000 сўм ўрнига 348 000 сўмдан солиққа тортилади.
Ёқилғини АЁҚШларда сотиб оладиган ҳайдовчилар ҳам янгиланган аксизларни сезади. Апрелдан АИ-80 бензини учун чакана аксиз бир литрга 525 сўмдан 562 сўмга чиқади. Юқори октанли АИ-91 бензини бўйича ставка 470 сўмдан 505 сўмга кўтарилади.
Газ бозорида ҳам индексация бор: сиқилган газнинг бир куб метри учун аксиз 750 сўмдан 805 сўмга ошади. Суюлтирилган газ реализацияси эса 562 сўм/литр (ёки 1 070 000 сўм/тонна) миқдорида солиққа тортилади. Шу билан бирга, табиий газ бўйича фискал юклама 12% даражасида ўзгаришсиз қолдирилади.
Параллел равишда алкоголсиз ичимликлар ва енгил тамаддилар сегментида ҳам “ўйин қоидалари” янгиланади. Энди шакарли ичимликларга аксиз миқдори ичимликнинг 100 миллилитридаги шакар концентрациясига боғланади: 5 граммгача бўлса — 500 сўм/литр, 5–10 грамм оралиғида — 515 сўм/литр, 10 граммдан ошса — 535 сўм/литр. Қаттиқ талаб ҳам бор: қадоқда таркиб кўрсатилмаса, автоматик тарзда максимал ставка қўлланади.
Шакар ўрнини босувчи моддалар қўшилган ичимликлар бўйича кескин сакраш қайд этилди: аксиз 300 сўмдан 500 сўм/литрга кўтарилади. Энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчилари учун ошиш 7,5% бўлиб, амалда 2150 сўм/литрни ташкил этади.
Баҳорги янгиликлар яна бир йўналишда ҳам тарихий қарор олиб келди — картошка чипсларига илк бор аксиз жорий этилади. Истеъмол қадоқларида сотиладиган юпқа кесилган картошкадан тайёрланган қовурилган ёки қуритилган маҳсулотлар ушбу тоифага киради. Ставка 15 000 сўм/кг этиб белгиланди ва у маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда импортчиларга бирдек татбиқ қилинади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Марказий Осиёда прогрессив “шакар солиғи”ни жорий қилган дастлабки давлатлардан бири бўлди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бундай механизмни семириш ва диабетга қарши самарали чоралар қаторида кўради, мамлакатда эса йиғиладиган маблағлар аҳолини соғломлаштириш жамғармасини ривожлантиришга ҳам йўналтирилиши режалаштирилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!