Ўзбекистонда кичик ҳажмли автомобиллар импорти божхона божлари ошди

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб двигател ҳажми 1 200 куб сантиметргача бўлган янги енгил автомобиллар импортига қўлланган имтиёзли бож ставкалари бекор қилинди. Автомобиль бозорида рақобатни кучайтириш учун 2,5 йил аввал жорий этилган преференциялар муддати якунлангани сабаб тарифлар аввалги кўрсаткичларга қайтди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Янги тартибга кўра, двигатели 1 000 куб сантиметргача бўлган машиналарда бож ставкаси 0 фоиздан автомобил қийматининг 15 фоизигача оширилди, устидан ҳар бир куб сантиметр учун 0,4 доллар қўшимча ундирилади. Двигатели 1 200 куб сантиметргача бўлган автомобиллар учун эса илгари 5 фоиз бўлган имтиёз ўрнига 15 фоизлик бож ва ҳар бир куб сантиметр учун 0,6 доллар тўлов белгиланди.
Ушбу имтиёзлар 2023 йил июлидан буён амал қилиб келган ва ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган янги транспорт воситаларига татбиқ этилган. Ҳукумат имтиёзли даврни узайтирмагани боис йил бошидан кичик ҳажмли автомобилларни божхона расмийлаштируви сезиларли даражада қимматлашди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!