Жаҳон бозорида нефть нархи кескин қимматлашди

Жаҳон бозорида хом нефть нархи ўтган ҳафта давомида мисли кўрилмаган даражада ўсишни қайд этди. Бунга АҚШ ва Исроил томонидан 28 февраль куни Эронга қарши амалга оширилган ҳарбий зарбалар асосий сабаб бўлди. Ушбу ҳарбий амалиётлар ортидан энергия ресурслари қиймати бир ҳафтанинг ўзида 27 фоиздан 36 фоизгача қимматлашди.
Ҳафта якунига келиб, бир баррель нефть нархи 90 доллар чегарасидан ошиб кетди. Мутахассислар нархлар ўсишининг асосий омили сифатида Ҳормуз бўғозидаги логистик муаммоларни кўрсатмоқда. Мазкур ҳудуд орқали кунига 15 миллион баррель нефть ташилиши тўхтаб қолиши глобал таъминот занжирига жиддий зарба берди. Бу ҳолат жаҳон иқтисодиётида энергия хавфсизлиги масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Ҳозирги вазиятда бозор иштирокчилари ва таҳлилчилар келгуси кунларда нархлар қандай ўзгаришини диққат билан кузатмоқда. Агар минтақадаги ҳарбий таранглик пасаймаса, нефть нархларининг янада юқорилаши эҳтимоли сақланиб қолади. Бу эса ўз навбатида транспорт ва ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига олиб келиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!