4 295
Зафар Ҳошимов: Нега бизга ҳануз нақд валюта керак? Нега пулга муносабатимиз шу қадар долларлашиб кетган?
Ўзбекистонлик таниқли тадбиркор, «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов телеграмдаги каналида нақд доллар муаммоси нега бизда оммалашгани ҳақида пост жойлади.
Кимгадир ушбу узун мақоламни ўқиш эриш туюлса, мазкур ҳаволадаги интервьюнинг охирги ўн дақиқасини томоша қилишлари мумкин. У ерда мен нақд доллар бўйича фикрларим билан ўртоқлашганман.
Дастурни тўлиқ кўрган янада яхшироқ.
Валюта айирбошлаш шахобчаларида жисмоний шахслар томонидан нақд валюта харид қилишга бўлган чеклов «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг қизғин муҳокама қилинаётган бандларидан бири бўлиб қолмоқда.
Даставвал, фармоннинг қатор қоидаларига мувофиқ мамлакат ичида тўлов воситаси сифатида нақд валюта маблағлари айланиши тақиқланганини айтиб ўтиш жоиз.
Модомики, валютани либераллаштириш ҳақида фикр юритар эканмиз, шуни назарда тутишимиз лозимки, либераллаштириш замирида ҳеч қанақасига чет эл валютасини кучайтириш эмас, фақатгина миллий валюта — сўмни мустаҳкамлаш, уни одамлар истайдиган, талаб юқори бўлган валютага айлантириш мақсади мужассам.
Айни пайтда фармон жисмоний шахслар томонидан валютани харид қилиш ва сотиб олинган валютани валюта пластик карточкаларига ҳеч қандай чекловларсиз ўтказиб олишлари имкониятини кўзда тутади.
Бундан ташқари, банклар жисмоний шахсларга валютани сотишга ҳамда уни хорижда даволаниш ва ўқиш учун мақсадли тўловларга ҳамда чет элда бошқа тўловларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилишди.
Шундай қилиб, агар биз валютани ўз мамлакатимизда сарфламаслигимиз керак бўлса, демак, у ҳолда чет элга сафар, шунингдек, ўзимиз ёки яқинларимизнинг даволаниши, ўқиши учун валюта харид қилишимиз керак бўлади. Мазкур фармонда буларнинг барчаси кўзда тутилган.
Хўш, унда нега бизга ҳануз нақд валюта керак экан? Нима учун бизнинг пулга муносабатимиз шу қадар долларлашиб кетган? Ахир аҳолининг жуда кам қисми долларда даромад кўради, сарф-харажат қилади-ку? Шундай бўлса-да, нақд долларни қўлга киритиш жуда кўпчилик учун долзарб мавзулигича қолаяпти.
Нега шундай?
Тушунишга ҳаракат қилиб кўрайлик.
Бу ерда бир нечта жавоб бор:
1) Доллар жамғариш муҳим воситага айланди. Йиллар давомида валюта қаттиқ чекланиши ҳам бизни ҳеч қанақасига ўша даврларда иқтисодий ҳаётимизни мушкулликлардан асраб қола олмади. Валюта чекловлари аввалига “шок терапияси”дан қочиш учун жорий қилинган бўлсада, амалда эса ушбу масала қисман эпланди, аниқроқ айтадиган бўлсак, биз жуда кўп шокларга гувоҳ бўлдик, терапия эса кам бўлди.
Тарихга назар ташлаймиз.
Мен камида олтита катта ва кўплаб кичик валюта курси шокларини эслайман.
— 1996 йили ноябрь ойида биринчи марта қатъий валюта чекловлари жорий қилинди. Ўшанда долларнинг курси бир кунда бир долларга 40 сўмдан 52 сўмга кўтарилди, ўсишдан тўхтамасди. Келгуси уч ойда бу кўрсаткич қора бозорда 120 сўмга етди.
— Жануби-Шарқий Осиёдаги инқироз ортидан 1998 йилда юз берган молиявий таназзул, ундан кейин Россия рублининг кескин девальвация қилиниши оқибатида мамлакатимизда қора бозор курси 150 сўмдан 400 сўмга чиқди.
— 2000 йил июль ойида мамлакатимизда яна бир девальвация ўтказилди. 150 сўмлик расмий курсдан 560 сўмлик сакраш орқали “тижорий” курс жорий этилди.
— 2003-2004 йилларда “курсларнинг бирлаштирилиши” юз берганди. Ўшанда курс 900-1100 сўмга етди.
— 2008-2009 йиллар. 2004-2007 йилларда банк ва бозорда ягона курс шаклланиб, мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли даромади юқори суръатларда ўсди. Бироқ, 2008 йилда дунёда иқтисодий инқироз юз берди. Гарчи расман инқироз Ўзбекистонни четлаб ўтди, дейилган бўлса-да, амалда бозоримиз ушбу шокни ҳам яхшигина ҳис қилди. 2009 йилда бозор курси йил бошидаги 1400-1500 сўмдан йил охирига 2400-2500 сўмга чиқди.
— 2010-2014 йиллар ҳам нисбатан барқарор давр бўлди. Аммо 2014 йилнинг охиридан 2017 йилнинг май ойига қадар биз яна “катта сакраш”ларга дучор бўлдик. Ушбу даврда курс 2800-3000 сўмдан қарийб 8000 сўмга чиқди.
Буларнинг барчаси бизни битта ҳаётий ҳақиқатга ўргатди: маблағни, яхшиси, долларда сақлаш, «кўрпанинг орасида» жамғариш ишончли бўлиб туюлиб қолди.
Айнан шунинг учун ҳам одамларимиз долларни жамғариш учун яхши восита сифатида билишади.
Буни қандай ўзгартириш мумкин?
1) Аҳоли сармоя киритиши ҳамда жамғариши учун муқобил инструментларни, молиявий маҳсулотларни жорий қилиш керак. Бунда одамлар ушбу инструментларга қўрқмасдан ўз маблағини қўйиши, сақлаши, бир кун келиб инфляция уларнинг жамғармасини “еб” юбормаслигидан хавотир олмасдан, даромад олиши керак.
Ҳозирча эса банклар томонидан таклиф қилинаётган валюта пластик карточкалари ҳам ушбу вазифани қойилмақом қилиб бажариши мумкин.
2) Юқоридаги бандлар билан боғлиқ ҳолда кўчмас мулкни, автомобиль, заргарлик маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни (асосан иккиламчи бозорда) валютада сотиш ҳамда сотиб олиш одатимиз бор. Бу амалиётлар қарийб ҳар доим нақд долларда амалга ошириб келинади.
Бунинг сабабларидан бири сўм купюралари майда бўлиб, бундай катта маблағларни ташиш, санаш жуда ҳам ноқулай эди. Доллар эса айнан ҳисоб-китоблар учун ҳажми нуқтаи назаридан, қолаверса, юқори қиймати билан қулай восита ҳисобланар эди.
Буни қандай ўзгартириш мумкин?
— Мен 10000 ва 50000 сўмлик купюраларнинг муомалага киритилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайман. Лекин жуда катта олди-бердилар учун балки 100 минг сўмлик купюрани жорий қилиш вақти ҳам келгандир?
3) Хорижда сотиб олинган ҳамда мамлакатга ноқонуний йўллар билан киритилган товарларга (контрабанда) тўлов ҳам нақд долларга талабнинг ошишига сабаб бўлаётган яна бир омиллардан саналади.
Мамлакатга товар олиб киришнинг турли “қора” ва “соя” схемалари ушбу маҳсулотларга хорижда тўловни амалга ошириш учун нақд долларга жуда катта эҳтиёж сезади. Ушбу валюта турли йўллар билан чегарани кесиб ўтади ҳамда мамлакатга ноқонуний олиб келинаётган товарларга тўлаш учун ишлатилади.
Бунга қарши, албатта, курашиш керак. Аммо фақатгина ҳуқуқ-тартибот органларининг куч ишлатиш йўли билангина бунга барҳам бериш амри маҳол. Теварагимиз қуруқликдан иборат бўлиб, жуда катта чегарага эгамиз. Қўшнилар билан чегаралар очилмоқда, улардан ўтиш осонлашмоқда, бу айни муддао.
Аммо чегарани декларация қилинмаган товар билан кесиб ўтиш ва шу орқали мўмайгина даромад топиш имконияти баъзиларни йўлдан уради. Сабабики, қўшниларимизнинг аксариятида импорт божлари ва тўловлари биздагига нисбатан бирмунча паст. Табиийки, бундай шароитда товарларни контрабанда йўли билан олиб кириш ва нақд валютани олиб чиқиш айримлар учун “жозибали” бизнес ҳисобланади.
Мен ушбу ҳолатда божхона ставкаларини уйғунлаштириш орқали бундай иқтисодий ҳуқуқбузарликларни иқтисодий жиҳатдан анча фойдасиз қилиб қўйишни таклиф қилган бўлардим. Бунда бюджетга тушумлар ставка пасайган бўлсада барибир ортади. Чунки қонуний импорт ҳажми ошиши ҳисобига ставка ва божлар тушишидан кўрилган зарар ўрни қопланади.
4) Нақд доллар турли қора ишлар, жумладан, гиёҳванд моддалар ёки бошқа тақиқланган маҳсулотларни олиб кириш ва тарқатиш, пора, коррупция кабиларга сабабчи бўлиши ҳам мумкинлигини унутмаслик керак.
Бу охирги қабиҳ иллатларга қарши курашда эса барча воситалар ўзини оқлашини таъкидлашим лозим.
Балки юқоридаги рўйхат аҳолининг мамлакат ичкарисида нақд валютага бўлган юқори талаби сабабларини тўла ифодалаб бера олмаслиги мумкиндир. Нима бўлганда ҳам, айни мавзуда ҳар кимнинг ўз фикри борлиги аниқ.
Келтириб ўтилган барча ишларни амалга ошириш учун ҳар доим долларга интилиб, даромадимиз негизида ётган миллий валютамиз, яъни сўмни, қадрсизлантириб келдик.
Айни шу сабабли биз оддий фуқаро ёки ўз маблағлари ҳамда фойдасининг тежамкор соҳиблари сифатида айрим иқтисодий қоидаларни тушунишимиз ва уларга амал қилишимиз лозим бўлади. Бизнинг валютамиз – сўм. Ҳукумат сўмнинг қадрини янада мустаҳкамлаш йўлида бир қанча муҳим қадамларни ташлади.
— мамлакатдаги барча тўлов ва тарифлар миллий валютага ўтказилди;
— авиакомпания барча чипталари – энди сўмда;
— таълим олиш, алоқа, интернет, янги автомобиллар ва янги уйларни сўмда харид қилиш мумкин ва булар эндиликда долларга боғлиқ эмас. Буларнинг барчаси жуда муҳим ва жиддий қадамлардир.
Бизчи? Мамлакатимиз учун нима қила оламиз?
Иложи борича юртимиз ичкарисидаги ҳар қандай доллар эвазига бўладиган олди-бердилардан воз кечишимиз лозим. Бу каби ҳаракатлардан воз кечмасак, улар нафақат умумий жиҳатдан олганда қонунбузарликка асосланган бўлиши билан биргаликда, бизнинг умумий иктисодий манфаатларимизга зарарли ҳамдир.
Бундай ҳаракатларимиз хорижий валютага кескин талабни оширган ҳолда сўмимиз қадрини бирмунча тушириб боради.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда