
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни “Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун пул-кредит сиёсатининг мавжуд воситаларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилган.
Қарор билан Марказий банкнинг ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати мақсадларига эришиш механизмлари ва принципларни, жаҳондаги марказий банклар томонидан ички нархлар барқарорлигини таъминлашда қўлланилувчи инфляцион таргетлаш тартибига (Инфляцион таргетлаш – бу ўрта муддатли истиқболда инфляция мақсадини белгилаш ва унга эришишга қаратилган пул сиёсати режими) қайта кўриб чиқиш бўйича таклифи тасдиқланди.
Марказий банк, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги томонидан 2017-2021 йиллар даврида пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш ва инфляцион таргет режимига босқичма-босқич ўтиш бўйича ишлаб чиқилган Чора-тадбирлар мажмуи тасдиқланди.
Марказий банкка 2018 йил 1 мартгача пул-кредит сиёсатини амалга ошириш ва ривожлантириш ўрта муддатли Концепциясини ҳамда концепцияни 2018-2021 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитасини» ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.
Унда инфляцион таргет режимига қуйидаги йўллар билан босқичма-босқич ўтиш назарда тутилган бўлиши керак:
умумиқтисодий, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштириш амалиётини такомиллаштириш, иқтисодий ўсиш мақсадлари, давлат бюджети баланси ва иқтисодиётдаги нарх даражасининг барқарорлиги бўйича мақсадлар мувофиқлиги ҳамда ўзаро алоқаларини таъминлашга алоҳида эътибор бериш;
ликвидликни тақдим этиш ва жалб қилиш операциялари бўйича самарали фойдаланадиган фоизли пул-кредит сиёсати воситаларини кенгайтириш;
тижорат банклари томонидан фоиз ставкаларини шакллантириш учун бозор механизмларини, шу жумладан, кредитлар бўйича кенг қўллаш;
макроиқтисодий таҳлил ва прогнозларнинг энг яхши хорижий тажриба моделларига мувофиқ такомиллаштириш;
пул-кредит сиёсатининг шаффофлиги ва олдиндан тахмин қилиниш имкониятини ошириш, жумладан, қўлланиладиган воситалар ва олиб бориладиган сиёсатнинг асосий мақсадлари тўғрисида ахборот бериш мақсадида жамоатчилик билан муносабатларни мустаҳкамлаш.
Жорий йилнинг 1 октябригача республика молия бозорини, шу жумладан, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда давлат қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим.
Манба: kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар