00:36 / 08.03.2018
5 588

ВМ қарори лойиҳаси: Банк тизими эскича ишлаш тизимидан воз кечиб, тўлиқ либераллаштирилади

ВМ қарори лойиҳаси: Банк тизими эскича ишлаш тизимидан воз кечиб, тўлиқ либераллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси сайти — regulation.gov.uz’да Ўзбекистон Республикаси Марказий банки муаллифлигида «Банк хизматларидан фойдаланиш даражасини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган.

2018 йил 31 мартда кучга киритилиши кутилаётган ҳужжат банк хизматлари кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялашни таъминловчи механзимларни такомиллаштириш ва инновацион ривожланишнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда молиявий фойдаланиш даражасини ошириш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинмоқда.

Таклиф этилаётган қарор лойиҳасининг асосий ва муҳим нуқталари қуйидагилардан иборат:
  • Бундан буён банк хизматлари фойдаланувчилари ҳуқуқларининг ҳимояси Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири, дея белгиланмоқда. Бу ҳақдаги норма Марказий банк тўғрисидаги қонунда ҳам акс этиши кутилмоқда;
  • 2018 йил 1 июлдан бошлаб барча тоифа мижозлар тижорат банкларининг банк хизматлари амалга ошириладиган бино ва залларига ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим этмасдан ва олдиндан рухсатсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳозирда амал қилаётган режим талабларига кўра, банк биноларига киришда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки тегишли тартибда рухсатнома талаб этилади;
  • Бундан буён кредит ташкилотларига қарздорликнинг ярми суммасидан кўп бўлган миқдорда фоиз, жарима ва пеня ҳисоблаш тақиқланади. Шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик бизнес субъектларидан кредит буюртмаларини кўриб чиққанлик, ссуда ҳисоб-варақларини юритганлик, кредит ажратганлик каби йўналишларда комиссиялар ундирилиши тўхтатилади;
  • Тижорат банклари филиалларининг Бош банки рухсати ва қўшимча келишувларисиз кредит ажратиш ваколатлари кенгайтирилади. Айни пайтда аксар тижорат банкларининг филиаллари Бош банки рухсатисиз кредит ажратишни маъқуллаш ваколатлари чекланган — «Барчасини Тошкент ҳал қилади»;
  • 2018 йил 1 апрелдан бошлаб халқаро пластик карталардан Ўзбекистон ҳудудида нақд валюта ечиш, хусусан, конверсион карталар қолдиқларини валюта омонатларига ўтказиш чекловлар бекор қилинади. Шунингдек, энди конверсион карталарга валюта олиш ёки ундаги қолдиқлардан масофадан туриб фойдаланишнинг кенг имкониятлари яратилади;
  • 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб тижорат банклари автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари тизимини яратади.

Қарор лойиҳасида банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва осонлаштириш билан боғлиқ бошқа кўплаб бандлар ҳам мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, Марказий банк валюта соҳасида бошланган ислоҳотлар билан тўхтаб қолгани йўқ. Ислоҳотларнинг эндиги тўлқини совет типида қотиб қолган, ўтмиш парадигмаларида яшашда давом этаётган банк тизимини инфраструктуравий либераллаштириш билан боғлиқ бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » ВМ қарори лойиҳаси: Банк тизими эскича ишлаш тизимидан воз кечиб, тўлиқ либераллаштирилади