17:00 / 13.09.2018
3 869

Лукашенко пахтани қайта ишлаш масаласида Собиқ иттифоқ давридаги амалиётга қайтишни таклиф қилди

Лукашенко пахтани қайта ишлаш масаласида Собиқ иттифоқ давридаги амалиётга қайтишни таклиф қилди
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми келгусида 1 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган. «Kun.uz» нашри хабар беришича, бу ҳақда Кўксаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Беларусь президентларининг кенг доирадаги музокаралари давомида айтиб ўтилган.

«Иқтисодиёт бугунги алоқаларимизнинг пойдевори. Бугун Ўзбекистон дунё учун очилмоқда, барча бу имкониятлардан фойдаланиб, алоқаларни ривожлантириш керак. Айниқса, иқтисодий алоқаларни кучайтириш бизнинг асосий мақсадимиз», деган Беларусь президенти.

Ўзбекистон президенти эса 2017 йил якунларига кўра икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли равишда ўсганини қайд этган.

«Беларусь - бизнинг яқин дўстимиз ва умидли ҳамкоримиздир. Кейинги икки йилда барча соҳадаги алоқалар кутилганидан ҳам кўпроқ ўсди. Лекин маҳсулот айирбошлашдаги ҳозирги ҳолат бизнинг мавжуд имкониятларимиз даражасидан паст. Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга кўтаришимиз учун барча имкониятлар бор», деган Ўзбекистон президенти.

Беларусь президенти Ўзбекистонга мамлакатдаги беларусь диаспорасига кўрсатаётган ғамхўрлиги учун миннатдорчилик билдирган. Ўзбекистонда айни вақтда 19 мингга яқин беларусь истиқомат қилмоқда.

«Сиз бу ерда яшаётган беларусларни ва уларнинг маданиятини қўллаб-қувватлаб келмоқдасиз. Ишонаманки, улар бу ерда ҳеч қандай муаммога дуч келишмайди.

Мен Беларусга ва беларусларга бўлган муносабат учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бизнинг халқларимиз меҳнатсеварлиги билан бир-бирига жуда ўхшаш. Агар биз ҳам ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни ўзбеклар каби савдо қилишни ўрганганимизда, ҳозиргидан икки баробар бойроқ бўлар эдик. Ўйлайманки, сизлар бизга ўз тажрибангизни ўргатасиз.

Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш зарур. Ўзбекистон тақдим этаётган шароитлардан фойдаланиб қолиш керак. Биз сизнинг ҳудудингизда қўшма корхоналар ташкил этишга тайёрмиз. Биз бу ерда пахта етиштириб, Беларусда қайта ишлашимиз ва маҳсулотларни пахта етиштирилмайдиган ҳудудларда сотишимиз мумкин. Бизда технология, мутахассислар ва ўз мактабимиз бор. Хомашё беринг, келишамиз. Буни биргаликда амалга оширамиз. Мен бизнинг корхоналарга капитал киритишингизга қарши бўлмайман. Бу сизнинг ҳам корхонангиз бўлади. Энг яхши тўқимачилик маҳсулотларимизни Европа бозорларида сотамиз. Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонда етиштирилган пахта хомашёси Беларусда қайта ишланарди. Бу амалиётга қайтиш керак. Биз тайёрмиз.

24 йиллик танаффусдан сўнг икки мамлакат муносабатларида янги босқич бошланмоқда», дея Беларусь президенти сўзларини келтирган БелТА агентлиги.

Шавкат Мирзиёев эса Беларусь президенти ташрифини «тарихий ва натижадор» ташриф дея баҳолаган.

Маълум қилинишича, 12 сентябрь куни ўтказилган Ўзбекистон-Беларусь минтақалараро бизнес-форумида қарийб 230 миллион долларлик шартномалар имзоланган, шундан 167 миллион долларлик қисми экспортга йўналтирилган маҳсулотлар улушига тўғри келади.

Қайд этилишича, 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоизга ошган, 2018 йилнинг 6 ойида эса бу кўрсаткич 4 баравар ўсган.

12 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда президент келгусида Ўзбекистондаги пахта етиштирувчи 133та тумандан 70таси тўлиқ кластер тизимига ўтиши, кластерлар томонидан 41та корхона ташкил этилишини маълум қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Лукашенко пахтани қайта ишлаш масаласида Собиқ иттифоқ давридаги амалиётга қайтишни таклиф қилди