21:47 / 30.09.2018
4 910

Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи якунида 3 млрд долларлик шартномалар имзоланади

Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи якунида 3 млрд долларлик шартномалар имзоланади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи якунида икки томон ўртасида жами 3 миллиард долларлик шартномалар имзоланади. Бу ҳақда президентнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи муносабати билан ўтказилган брифинг чоғида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сухроб Холмуродовнинг бугун президентга берган ҳисоботида ташриф якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро қатор ҳужжатлар, шунингдек 3 миллиард доллардан зиёд ҳажмдаги шартномалар имзоланиши ҳақида айтилган.

Ўзбекистон президенти бугун Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида бўлиб, Тож Маҳал меъморий обидасини зиёрат қилди.

Шавкат Мирзиёев шу куннинг ўзида Нью-Деҳлига келди. Ўзбекистон президенти бугун Ҳиндистон пойтахтида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатларини, жумладан, Ўзбекистон–Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш таклифини муҳокама қилиш учун Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

Давлат ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар эртага, 1 октябрь куни Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтади.

Президент Рам Натҳ Ковинд, Бош вазир Нарендра Моди ва Ҳиндистоннинг бошқа раҳбарлари билан учрашув ва музокараларда давлатлараро ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг аниқ йўлларини кўриб чиқиш, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Ташриф якунида Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазирининг қўшма баёноти қабул қилиниши, Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар, мамлакатлар ҳудудлари ва муассасалари ўртасида ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи якунида 3 млрд долларлик шартномалар имзоланади