13:20 / 06.10.2018
3 583

Ким бизнесни текшириши мумкин?

Ким бизнесни текшириши мумкин?
Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси тақдим этилган.

Ҳужжатни ишлаб чиқиш президентнинг 27.07.2018 йилдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5490-сон фармонида назарда тутилган. Эслатиб ўтамиз, ҳужжат билан тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш тизими ва тартибига жиддий ўзгартиришлар киритилган, деб ёзади Norma.

Ҳар бир назорат қилувчи орган аттестациядан ўтказиладиган ходимлар сони, уларга қўйиладиган касбий талаблар, шунингдек аттестациядан ўтказиш даврийлигини (3 йилда камида 1 марта) мустақил равишда белгилайди.

Бунинг учун идора раҳбари бизнесни текшириш мажбуриятига эга бўлмаган 5 нафар ходимдан иборат доимий фаолият юритувчи аттестация комиссиясини ташкил этади. Комиссия раиси – орган раҳбари, кадрлар билан ишловчи бўлинма эса ишчи орган ҳисобланади. Унинг таркибига прокуратура органлари, тадбиркорлик субъектлари ва ССП вакиллари албатта киритилади. Муассасанинг минтақавий бўлинмаларида ҳудудий ёки минтақалараро аттестация комиссиялари ташкил этилиши мумкин.

Аттестациядан ўтказиладиганлар рўйхатига тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган, рухсатномасининг муддати ўтган ёки бир ойдан кейин тугайдиган барча ходимлар, шунингдек илк бор бундай ҳуқуқни олиши таклиф этилаётган ходимлар киритилади. Ҳар бир мутахассис ҳақида хизмат характеристикаси, маълумоти, иш стажи ва малака оширганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхалари илова қилинган маълумотнома-объективка тақдим этилади.

Ходимнинг ўзи камида 2 ҳафта олдин бўлажак аттестация ҳақида тилхат олиб хабардор қилинади. Аттестация юзма-юз суҳбат ўтказиш шаклида ўтказилади. Саволлар текширувлар соҳаси, «хавфни таҳлил этиш» тизимига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан боғлиқ бўлади. Вазиятга оид вазифалар – казуслар берилиши мумкин. Электрон мосламалар, маълумотнома, махсус ёки бошқа адабиётлар, қандайдир ёзувлардан фойдаланиш тақиқланади. Комиссия йиғилишига бегона кишилар кириши ман этилади. Жараён аудио ва видео орқали қайд этилади.

Аттестациядан ўтказилаётган ҳар бир ходим бўйича оддий кўпчилик овоз билан очиқ овоз бериш йўли орқали, хизмат характеристикаси ва берилган саволларга жавоблар инобатга олинган ҳолда қарор қабул қилинади. Аттестациядан ўтган ходимга кейинги аттестациядан ўтказиш муддатигача тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома берилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ким бизнесни текшириши мумкин?