11:10 / 19.10.2018
3 524

Давлат солиқ қўмитаси балиқчилик ривожи йўлидаги 76 млрд сўмлик лойиҳани амалга оширмоқда

Давлат солиқ қўмитаси балиқчилик ривожи йўлидаги 76 млрд сўмлик лойиҳани амалга оширмоқда
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси аҳолининг витамин ва микроэлементларга бой балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 76 миллиард сўмлик йирик лойиҳани амалга оширмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.

Лойиҳа натижасида жорий йилнинг якунига қадар 18 750 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга кўп балиқ етказиб берилиши кутилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 124-сонли қарорига асосан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва самарали бошқаришни ташкил этиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга комплекс ёндашиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК ташкил этилган.

Ҳозирда мазкур ҳудуднинг умумий майдони 370 минг гектарга тенг бўлиб, узунлиги 180 километр, кенглиги ўртача 21 километр, энг чуқур жойи эса 45 метрни ташкил қилмоқда. Кўллар тизимида кўплаб оролчалар ҳамда қуруқликлар мавжуд.

Давлат солиқ қўмитаси ривожланган мамлакатлар тажрибасини жорий қилиш мақсадида Хитой, Туркия, Вьетнам, Франция, Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Хусусан, Хитой Халқ Республикасидан лаборатория ускуналари ва серҳосил балиқ турлари олиб келинаётган бўлса, туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда балиқларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш, Бирлашган Араб Амирликлари билан қафас (садок) мосламаларида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ҳамда Саудия Арабистони билан табиий сув ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича ҳамкорликдаги қатор лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Кўллар тизимини тўлиқ балиқлантириш имкониятига эга бўлган 450 гектар сунъий сув ҳавзаси барпо этилиб, балиқ чавоқларини етиштириш ҳамда 500 гектар ер майдонида балиқ чавоқларини озиқлантириш учун қишлоқ хўжалиги экинларини экиш мақсадида дирекциянинг автопарки шакллантирилди. Хусусан, кредит маблағлари ҳисобидан 3 дона «ISUZU» автомашинаси (2 дона юк ва 1 дона музлаткичли), 1 дона фронтал юклагич, 1 дона булдозер, 2 дона «MAN» русумли автосамосвал ва 4 дона трактор ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги агрегатлари харид қилинди. Қўшимча равишда 3 та эксковатор, балиқ чавоқлари ва балиқларни ташиш учун махсус автомашина, музлаткичли юк автомобилига ҳам буюртма берилган.

Тўлиқ тизимли инкубация цехлари, балиқ етиштириладиган парваришхоналар ҳамда балиқ ўстириш ҳавзалари, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, махсус техника воситалари сотиб олиш, балиқни қайта ишлаш, қадоқлаш, балиқ уни ва ем ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун қўшимча кредит линиялари ўзлаштирилиши мақсад қилинган.

Ҳозирда кўллар тизимини балиқлантириш учун 5,2 млн. дона балиқ чавоқлари етиштирилмоқда. Шунингдек, октябр ноябрь ойларида режадаги 7 млн. дона балиқ чавоқлари кўллар тизимига ташланади. Жорий йил якунига қадар режадаги 100 гектар сунъий сув ҳавзалари барпо этилади. Тўлиқ тизимли инкубация цехининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида бўлиб, йил якунига қадар шай ҳолатга келтирилади.

Эътиборлиси, интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш учун шу ернинг ўзида қафас (садок) мосламалари тайёрлайдиган ишлаб чиқариш цехи барпо этилди.

Арнасой кўли атрофида 2 дона ҳар бирининг сиғими 25 куб метр бўлган балиқларни сақлаш музлаткичлари ташкил қилинди.

Россия Федерациясининг «Тюмень судокомплект» заводидан келтирилган 2 дона катта катер учун причал қурилмоқда.

Шу кунгача кўллар тизимида 477 та янги иш ўрни яратилган бўлса, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида меҳнат қилаётган ишчилар сони 2000 нафарга етказилиши режалаштирилган.

Кўллар тизимидаги табиий сув ҳавзаларида электр ёрдамида балиқ овлаш авж олганлиги, балиқ захирасига ва унинг насл беришига жиддий зиён етказиши боис браконерликка қарши курашиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Прокуратура ҳузуридаги департамент ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Давлат солиқ қўмитаси балиқчилик ривожи йўлидаги 76 млрд сўмлик лойиҳани амалга оширмоқда