10:16 / 25.01.2019
5 091

Солиқ ҳисоботининг янги шакллари бўйича қандай ўзгаришлар киритилди?

Солиқ ҳисоботининг янги шакллари бўйича қандай ўзгаришлар киритилди?
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг 2019 йил 7 январдаги “Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2019-5, 2-сонли қарорига асосан солиқ ҳисоботларининг янги шакллари тасдиқланди.

Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабарига кўра, 2018 йил якунлари бўйича тақдим этиладиган солиқ ҳисоботлари Адлия вазирлигида 2013 йил 22 мартда 2439-сон билан рўйхатга олинган солиқ ҳисоботи шаклларида давлат солиқ хизмати органларига топширилади.

2019 йил 1 январдан кейинги ҳисобот даври учун эса барча солиқ турлари бўйича янги солиқ ҳисоботи шакллари асосида тақдим қилинади.
Ҳисобот шаклларидаги асосий ўзгаришлар хусусида қуйида тўхталиб ўтамиз:

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шакллари соддалаштирилди
2018 йил учун амалда бўлган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китоби соддалаштирилиб, 37 қатор ва 16 та иловадан иборат бўлган бўлса, янги ҳисоб-китоб шакли 18 қатор ва 8 иловага, яъни 2 баробарга камайтирилди.

Хусусан:
1-илова (Нотижорат ташкилотларининг бошқа даромадлари), 2-иловаси (Ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб, шартномада белгиланган ижара ҳақи миқдоридан ошган суммаси), 9-иловаси (Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотни реализация қилишдан олинган фойда ҳисоб-китоби), 11-иловаси (Мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар (уяли алоқа компаниялари) томонидан рентабеллик даражасини аниқлаш маълумотнома-ҳисоб-китоби),12-иловаси (Экспорт улушига қараб фойда солиғи ставкасига тузатиш киритиш), 13-иловаси (Ногиронлар меҳнатидан фойдаланадиган корхоналар учун фойда солиғининг тузатиш киритилган суммаси), 14-иловаси (Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи қўшимча суммасининг ҳисоб-китоб-маълумотномаси) бекор қилинди.

Тўлов манбаида дивиденд ва фоизлар тарзидаги даромадлардан ушлаб қолинган солиқнинг ҳисоб-китоби 2018 йилда юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида бўлган бўлса, 2019 йил учун соддалаштирилган вариантда юридик ва жисмоний шахслардан тўлов манбаида ушлаб қолинган солиқ ҳисоб-китоби бирлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан тўланадиган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисоб-китобида солиқ имтиёзлари асосларини кўрсатиб бериш учун янги “Имтиёзлар” иловаси қўшилди.

Иш ҳақи фондидан ҳисобланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича энди битта солиқ ҳисоботи топшириладиган бўлди (Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоб-китоби)
Солиқ солинадиган база бирхиллиги ҳамда ҳисобот шаклларини тўлдиришда солиқ тўловчиларнинг вақтини тежаш мақсадида Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоб-китоби бирлаштирилди. Ҳисоб-китоб иловасида ҳисобланган иш ҳақи ва ушлаб қолинган даромад солиғи ҳамда ҳисобот ойида тўлаб берилган жисмоний шахсларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия бадали суммаси ҳар бир ходим кесимида акс эттирилади. Шунингдек, ҳисоботга ҳар бир фуқаро кесимида тўланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги, мулкий, моддий наф тарзидаги даромадлар тўғрисидаги маълумотномалар илова қилинади.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоботи ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар ягона шаклда тақдим этилади.

Ҳисобот шаклига янги илова сифатида мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдори маълумотнома ҳисоб-китоби киритилди. Ушбу маълумотнома орқали қонунчиликда белгиланган ижара миқдорининг энг кам ставкаларига риоя этилиши назорат қилинади.

Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шакллари
Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботларининг (ҳисоб-китобларининг) янги шаклидаги иловалар сони 9 тадан 5 тага қисқартирилди.
Шунингдек, ушбу қарор билан ҳисобварақ-фактуранинг соддалаштирилган шакли ҳам жорий қилинмоқда.

Ҳисобварақ-фактуранинг янги соддалаштирилган шаклидан илгари тўлдириладиган айрим реквизитлар, хусусан, банк ҳисоб рақами, телефон рақами, ИФУТ коди каби маълумотлар, шунингдек, акциз солиғини ҳисобга олиш имконини берадиган норма ўз кучини йўқотганлиги учун “Акциз солиғи” устунлари чиқариб ташланди.

Эндиликда акциз солиғи тўловчилари 5-устунда товар (иш, хизмат)ларнинг акциз солиғини ҳисобга олган ҳолдаги (ҚҚСсиз) умумий қийматини кўрсатишлари лозим бўлади.

Ушбу қарор билан ресурс солиқлари бўйича топшириладиган солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Самарасиз фойдаланилаётган объектлар бўйича оширилган ставкаларда солиқ суммаларини тақдим этиш учун юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича янги шаклда Маълумотнома ҳисоб-китоб шакли киритилди.

Шу билан бирга, мол-мулк солиғининг ҳисоб-китоби амалдаги шаклида келтирилган маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган мол-мулк ҳисоб-китоби ва экспорт улушига боғлиқ ҳолда мол-мулк солиғи ставкасига тузатиш киритиш бўйича 5 ва 6-иловалари бекор қилинди.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисоб-китоб шаклида фойдали қазилмаларнинг турлари ва ўлчов бирлиги аниқ белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сонли қарорига асосан 8 турдаги фойдали қазилмалар учун энг кам солиқ миқдори жорий этилиши ҳисобига солиқ суммасини солиқ ставкасидан ёки энг кам солиқ миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланиши назарда тутилди.

Соддалаштирилган солиқ турлари бўйича Ягона солиқ тўлови
Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби янги шаклининг асосий фарқли жиҳати шундаки, ҳисоб-китоб иловаларининг сони 11 тадан 7 тага қисқарди. Хусусан, ҳисоб-китобнинг 1-иловаси (Давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара ҳақи миқдорининг шартномада белгиланган ижара ҳақи миқдоридан ошган суммаси), 6-иловаси (2018 йил I чораги учун экспорт улушига қараб фойда солиғи ставкасига тузатиш киритиш) ҳамда ягона солиқ тўловининг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдорлари бўйича 9-1, 9-2, 9-3-иловалари бекор қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олинган дивиденд ва фоизлар кўринишидаги даромадлардан тўланадиган фойда солиғининг ҳисоб-китоб маълумотномаси соддалаштирилди.

Бундан ташқари, ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби шаклидаги тўлдирилиши зарур бўлмаган сатрлар чиқарилиб ташланди.

Электрон тижорат орқали реализация қилинган товар (иш, хизмат)ларнинг жами реализация ҳажмидаги улушини тўғри аниқлаш мақсадида “Электрон тижорат орқали товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан соф тушум” бўйича маълумотнома ягона солиқ ҳисоб-китобига илова тариқасида жойлаштирилди.

Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг янги шакли солиқ тўловчилар, хусусан, ягона солиқ тўлови тўлашга ўтадиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун содда шаклга келтирилди. Бу орқали солиқ тўловчиларнинг қимматли вақтини тежаш имкони яратилди.

Ягона ер солиғи
Эндиликда мева-сабзавотчилик корхоналари учун соддалаштирилган ягона ер солиғи жорий этилиши ҳисобига алоҳида ҳисоб-китоб шакли киритилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Солиқ ҳисоботининг янги шакллари бўйича қандай ўзгаришлар киритилди?