07:10 / 19.06.2019
8 139

Фойда солиғи. Уни ҳисоблашда қандай харажатлар чиқариб ташланади?

Фойда солиғи. Уни ҳисоблашда қандай харажатлар чиқариб ташланади?
МЧЖ шаклидаги қурилиш корхонасини бошқараман. Фаолиятим даврида корхона фойда солиғини ҳисоблашда турли тушунмовчиликларга дуч келаман. Жумладан, фойда солиғини ҳисоблашда корхонанинг қандай харажатлари чегириб ташланади, қандай тоифа харажатлар чегирилмайди? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз?
Адҳам ЭШОНҚУЛОВ,
Қарши шаҳри

Фойда солиғини ҳисоблашда корхона харажатлари икки гуруҳга ажратилади. Унда корхонанинг маълум бир харажатлари фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланса, бошқа харажатлар солиқ таркибида қолади.
Тушунарли бўлиши учун буни сизнинг, яъни масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қурилиш корхонаси мисолида кўриб чиқамиз.

Чегириладиган харажатлар
Айтайлик, корхона шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирини қурмоқда. Табиийки, лойиҳани амалга ошириши учун қатор харажатлар мавжуд. Масалан, қурилиш материалларини харид қилиши, транспорт воситалари учун ёнилғи ва эҳтиёт қисмлари сотиб олиши, бажарилаётган хизматлар учун ишчи-ходимларга ойлик-маош тўланиши зарур. Бунинг устига ҳисобга олинган асосий воситалар ва номоддий қийматликларнинг амортизация харажатлари ҳам бор.

Бу каби харажатлар корхонанинг фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланади. Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш жараёнида ўзга юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт хизматларидан ёки техник ходимларидан фойдаланаётган бўлса, булар ҳам солиқ ҳисоблашда чиқариб ташланади.

Чегирилмайдиган харажатлар
МЧЖнинг фойдасини аниқлашда қуйидагилар чегирилмайдиган харажатлар гуруҳига киради: табиий камайиши нормаларидаги ортиқча йўқотишлар ва бузилишлар, яъни цемент ёки оҳак эътиборсизлик туфайли яроқсиз ҳолга келса, йўқотилган маҳсулот учун қилинган харажат чегирилмайди.

Бундан ташқари, хизмат мақсадида ходимнинг шахсий автотранспортдан фойдаланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча тўланган тўловлар, ҳомийлик ва хайрия ёрдами тарзидаги маблағлар учун қилинган харажатлар ҳисобга олинмайди.

Шунингдек, кредит шартномасида муддатли қарзлар учун назарда тутилган ставкалардан ортиқча бўлган, тўлов муддати ўтган ҳамда узайтирилган кредитлар бўйича фоизлар, лойиҳалардаги ва қурилиш-монтаж ишларидаги камчиликларни, шунингдек, объект ёнидаги омборгача ташиб келтирилиши чоғида юз берган бузилишлар бўйича харажатлар, айбдорлари аниқланмаган ўғриликлар ва камомадлардан ёки зарур суммаларнинг ўрнини айбдор тараф ҳисобидан қоплаш мумкин бўлмаганда кўрилган зарарлар, текширувлар натижаларига кўра қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди.

На корхонага, на бюджетга...
Хулоса қилиб айтганда, фойда солиғи солинадиган база — жами даромаднинг чегириб ташланадиган харажатлардан қолган қисмидир. Чегирилмайдиган харажатларнинг ортиб кетиши корхона фойдаси камайишига олиб келади.

Манба: Od-press.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Фойда солиғи. Уни ҳисоблашда қандай харажатлар чиқариб ташланади?