19:06 / 24.06.2019
5 236

Ўзбекистонда йўловчи ташувчи вагонлар экспортга чиқарилмоқда (фото)

Ўзбекистонда йўловчи ташувчи вагонлар экспортга чиқарилмоқда (фото)
“Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти жамоаси худди шу тамойилга амал қилаётгани бу ерда ишлаб чиқараётган вагонлардан нафақат республикамиз темир йўл йўналишларида самарали фойдаланиляпти, балки уларга хорижликлар ҳам катта қизиқиш билдиришмоқда. Масалан, заводдан куни кеча навбатдаги иккита вагон қўшни Қозоғистонга жўнатилди.

Шу ўринда мазкур вагонларга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки у аввалгиларидан бир жиҳати, яъни имконияти чекланган йўловчилар учун махсус купеси мавжудлиги билан алоҳида ажралиб туради.

— Ушбу вагон мижозлар талаб ва истакларига кўра, ўзимизнинг муҳандис-конструкторларимиз томонидан лойиҳалаштирилди, — дейди заводнинг бош конструктори Абдуқодир Ўролов. — Унда мутахассисларимиз ногиронлар учун бир қатор қулайликлар яратишга ҳаракат қилишган. Хусусан, вагон ва купенинг кириш қисми, йўлаклари кенгайтирилган. Ногиронлик аравачасини олиб чиқиш учун махсус кўтарувчи мослама билан жиҳозланган.

Купе ҳам худди шу талаблар асосида жиҳозланган. Хусусан, унинг эшик рақами ҳам кўзи ожизлар учун “брайл” алифбосида туширилган. Вагон кузатувчисини чақириш тугмаси, ички ва ташқи ҳароратни, вақтни билдирувчи мосламалар овозли тарзда маълумот беради.

Қайд этиш жоизки, янги вагоннинг 60 фоиз бутловчи қисмлари корхонанинг ўзида тайёрланмоқда. Иситиш ва совитиш тизимлари, бошқарув пульти, юқори ва паст кучланишли махсус электр мосламаси, тиркамани шулар сирасига киритиш мумкин.

Эндиликда “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти халқаро йўналишлардаги поездларни ҳам шу каби жаҳон стандартларига мос вагонлар билан таъминлашни режалаштирмоқда.

Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамиятида бир йилда 350-400 та вагон таъмирланиб, 50 та янги вагон қурилади ва буюртмачиларга етказиб берилади. Бунда корхона цехларининг энг илғор технологиялар билан жиҳозлангани муҳим аҳамият касб этяпти, албатта.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда йўловчи ташувчи вагонлар экспортга чиқарилмоқда (фото)