14:50 / 26.10.2019
4 261

Медведев АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистон ва ЕОИИ ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди

Медведев АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистон ва ЕОИИ ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди
Фото: Екатерина Штукина/POOL/ТАСС
Россия бош вазири Дмитрий Медведев АҚШнинг Ўзбекистон ва Евросиё иқтисодий иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига киришини мураккаблаштириши ҳақидаги баёнотини рақобатбардош бўлмаган курашнинг кўриниши, деб атади. Бу ҳақда ТАССга таяниб Kun.uz нашри ёзмоқда.

«Бугун Ўзбекистонда Америка Қўшма Штатларининг вазирларидан бири, улар шунчалик кўпки, ҳатто ким экани ёдимда йўқ, Евросиё иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қийинлаштириши ҳақида гапирди, - дея изоҳ берган Медведев Евросиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида. - Айтишим мумкинки, бу аниқ рақобатбардош бўлмаган курашнинг усулларидан фойдаланишдир».

Россия Федерацияси бош вазирининг фикрига кўра, жаҳон савдосини ташкиллаштиришда чалкашликларни келтириб чиқарадиган, савдо урушларини олиб борадиган ва аслида халқаро савдо айланмасини бузиб кўрсатадиган Америка маъмуриятидан бундай сўзларини эшитиш ғалатидир. Россия ҳукумати раҳбарининг тахмин қилишича, Ғарбдаги ҳамкасблар Евросиёда рўй бераётган интеграция жараёнларини «ёқтирмайди». «Аммо, шубҳасиз, биз бу соҳада шерикларимиз билан ишлашни барча йўналишларда давом эттирамиз», - дея хулоса қилди Медведев.

Фото: Екатерина Штукина/POOL/ТАСС
Аввалроқ, АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Америка-Ўзбекистон савдо палатасида бўлиб ўтган бизнес-форум чоғида Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш истаги ушбу мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини мураккаблаштириши ва чўзиши мумкинлигини айтганди.

Бундан олдин, Россия Федерацияси Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилганди.

«Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгашига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда», – деди Матвиенко Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашув чоғида.

Матвиенконинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ аъзосига айланиши Россия билан алоқалар ривожига янги туртки беради ва бу орқали ҳозирда мавжуд баъзи тўсиқларнинг бартараф этилишига эришилади.

«Президентларимиз ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишиб олишган. Россия томонидан бу ишчи гуруҳга Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Силуанов бошчилик қиляпти. Гуруҳ эҳтимолий шартлар, рисклар ва салбий оқибатларнинг олдини олиш таҳлили юзасидан жуда тиғиз ва яхши темпда иш олиб боряпти. Таҳлил ишлари йил охирига қадар якунланиши керак», – дея Матвиенконинг сўзларини келтирган ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, ЕОИИнинг барча аъзо давлатлари бу каби таҳлилий баҳолаш ишларини олиб боришяпти, чунки ташкилотга янги аъзони қабул қилиш масаласидаги қарор биргаликда қабул қилинади.

«Ўзбекистон президенти иқтисодий интеграцион бирлашмаларда иштирок этиш – бугунги куннинг реал воқелиги эканини тушунади. У ҳақ, якуний қарор қабул қилишдан олдин аъзо бўлиш шартлари юзасидан жуда жиддий таҳлил ўтказиш, бу иқтисодиётга зиён етказмайдими, иш ўринлари сонига таъсир қилмайдими каби шу ва бошқа саволларга жавоб топиш зарур», – деб қайд этди Валентина Матвиенко.

Ўз навбатида, Беларусь президенти Александр Лукашенко ЕОИИда СССР тажрибасидан фойдаланишни таклиф қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил июнь ойида Сенатнинг 20-ялпи мажлисида сенаторларга мурожаат қилиб, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмасликдан келиб чиқадиган фойда-зарарлар ҳақида гапирган эди.

Евросиё иқтисодий иттифоқи 2015 йилда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Беларусь аъзолигида ташкил этилган. Ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодий масалаларда ўзаро келишган ҳолда қарорлар қабул қилиш, ўзаро товар ва хизматларни айирбошлаш, меҳнат кучи ва капитал алмашинуви бўйича чекловларни минималлаштиришга келишиб олишган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Медведев АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистон ва ЕОИИ ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди