2 658
Банклар «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш учун мижозларнинг ҳисобварақлари ҳақида солиқ идораларига ахборот беради
Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Бу қарор лойиҳаси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама ва танқид қилиниб, яширин иқтисодиётнинг «гуллаб-яшнаши»га олиб келиши мумкинлиги айтилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдиради.
Aксарият хорижий мамлакатлар тижорат банкларида AML («Anti-Money Laundering» – «Пул ювишга қарши кураш) ва KYC («Know Your Customer» – «Ўз мижозингни бил») тизимлари ишлайди. Тижорат банклари улардан фойдаланиш жараёнида шубҳали операцияларни таҳлил қилади ва ноқонуний пул оқимлари белгилари аниқланса, бу ҳақда солиқ идораларига ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш органларига хабар беради.
Ўзбекистонда солиқ органлари тижорат банкларидан бундай маълумотларни олмайди. Бу борада назорат йўқлиги «яширин иқтисодиёт»нинг пайдо бўлиши ва ривожланишининг асосий омилларидан биридир.
2020 йил январь ойининг ўзида сотувдан тушган даромадлари камайган 185та корхона таҳлил қилинганда, жисмоний шахсларнинг тўлов карталари орқали 6,3 млрд. сўм миқдорида товар айланмаси борлиги аниқланди. Шунча вақт давомида улар 27519та транзакцияни амалга оширган. Бунда солиқ тўлашдан бўйин товлаш фактлари мавжуд бўлиб, ушбу сумма ҳеч қандай расмий ҳужжатларда акс эттирилмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда парламентга қилган мурожаатида «Ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган «яширин иқтисодиёт»га барҳам берилмас экан, соғлом рақобат ҳам, қулай инвестиция муҳити ҳам шаклланмайди» деб таъкидлаган эди. Буни инобатга олган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ДСҚ ва МБнинг қўшма қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу ҳужжат нима учун ишлаб чиқилди?
Aсосий мақсад - тадбиркорлар солиқларни тўлашдан бош тортмасдан қонуний фаолият олиб боришини таъминлашдир. Р2Р ( жисмоний шахс картасидан бошқа картага) ёрдамида пул операцияларини амалга оширадиган ва ўз фаолиятини қонунийлаштирмаган «ишбилармонлар»нинг назоратсиз иштироки уларга рақобатчиларидан устунликларни беради, шунингдек тайёр маҳсулот нархига ҳам таъсир қилади. Бу ўз навбатида, солиқ мажбуриятларини мунтазам равишда бажарадиган ҳалол солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини бузади.
Ҳужжатга кўра, солиқ идоралари сўров бўйича Марказий банк ва тижорат банкларидан юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобварақлари ва Р2Р (жисмоний шахслар картасига бошқа жисмоний шахс картасидан) пул ўтказмаларини амалга ошириш тўғрисида маълумот олади. Бу маълумотлар инсон омили аралашувисиз солиқ тўловчиларни хавф мезонлари бўйича сегментлашда фойдаланилади.
Тақдим этилган маълумотларга асосан, давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганларнинг савдо айланмалари аниқланади. Бунда мазкур маълумотлар ҳамма солиқ хизмати ходимлари учун очиқ бўлмайди – маълумотни таҳлил қилиш фақат Давлат солиқ қўмитасида автоматлаштирилган тизимда амалга оширилади.
Бу ҳақида Солиқ кодекси нима дейди?
Таъкидлаш жоизки, банклар томонидан мижозлар (юридик ва жисмоний шахслар) ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларнинг тақдим этилиши Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 134-моддасида мустаҳкамланган.
Бу моддага мувофиқ, банк ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахснинг ҳисобварағи очилганлиги (ёпилганлиги), ҳисобварағи реквизитларининг ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ахборотни тегишли ҳодиса рўй берган вақтдан эътиборан уч кун ичида электрон шаклда солиқ органига маълум қилиши шарт.
Банк томонидан ахборотни маълум қилиш тартиби ва шакллари Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда Марказий банк томонидан белгиланади.
Солиқ органининг банк мижозига нисбатан ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровига биноан банк ёзма сўров олинган кундан эътиборан уч кун ичида солиқ органларига қуйидагиларни бериши шарт:
1) мижознинг банкда ҳисобварақлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни;
2) мижознинг ҳисобварақларидаги пул маблағларининг қолдиқлари ҳақидаги маълумотларни;
3) мижознинг ҳисобварақларидаги операцияларга доир кўчирмаларни;
4) солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бошқа маълумотларни.
Ушбу меъёрларнинг «Банк сири тўғрисида»ги қонунга мувофиқлиги масаласига келсак, ушбу қонуннинг 11-моддасида қуйидагилар назарда тутилган:
«Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига банк мижозига (вакилига) солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилади».
Мазкур маълумотлар бевосита солиққа тортиш билан боғлиқ, шунинг учун қарор юқоридаги қонунга зид эмас.
Шуни таъкидлаш керакки, ушбу ҳужжатни тайёрлашда хорижий тажриба ўрганилди. Масалан, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Польша, Латвия, Литва каби мамлакатларда банклар ва солиқ идоралари ўртасида маълумот алмашиш тизими яратилган.
Рақамлаштириш ва «яширин иқтисодиёт»
Бугунги кунда мамлакатимизда рақамлаштиришнинг кенг жорий этилаётгани натижасида электрон тижорат ривожланди. Telegram каналлари, Instagram, Facebook орқали уйдан чиқмасдан товарлар ва хизматларни сотиш амалга оширилмоқда.
Бундай онлайн-дўконларнинг ассортименти кўпинча тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ўртача дўконлардан фарқ қилмайди. Маҳсулот ёки хизмат ҳақини тўлашда, бундай «сотувчи»лар аксарият ҳолларда пулни жисмоний шахслар картасига (Р2Р) ўтказишни сўрашади.
Aмалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мазкур «тадбиркорлар»нинг аксарияти давлат рўйхатидан ўтмаган. Улар даромадларини декларация қилмайди ва шу сабабли солиққа тортилмайди, бу «яширин иқтисодиёт» ўсишига олиб келади.
Ҳужжатга мувофиқ, бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн. сўмдан ва транзакциялар сони 10 тадан ошган P2P операциялари тўғрисидаги ахборотларни ДСҚ сўровига кўра уч иш кунида тақдим этади.
Маълумотлар махсус хавфсиз алоқа каналлари орқали узатилади.
Солиқ органлари аниқланган ҳолат бўйича маълумот олгандан сўнг ҳар бир алоҳида субъектни тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш борасида ўрганиш олиб боради.
Бунда, жисмоний шахсларнинг пластик картасига катта миқдордаги маблағ келиб тушиши шубҳали бўлмаганда умуман солиқ ҳисобланиши учун сабаб бўлмайди. Солиқ органлари тегишли тартибда рўйхатдан ўтмаган тадбиркорлик фаолияти мавжудлиги бўйича ҳар бир ҳолатни синчковлик билан ўрганиб чиқади.
Таъкидлаш жоизки, ДСҚ тижорат банкларидан мижозлар депозитлари, дивидендлар ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни сўрамайди.
Aгар ноқонуний бизнес фактлари аниқланса, ушбу субъектлар фаолиятини қонунийлаштириш учун зарур чоралар кўрилади.
Шундай қилиб, таклиф этилаётган тартиб ДСҚ, Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида электрон ахборот алмашиш механизмини ўрнатади.
Бу қуйидагиларни таъминлашга хизмат қилади:
- тадбиркорлик субъекти сифатида ўз вақтида рўйхатдан ўтиш орқали электрон тижоратни қонунийлаштириш;
- ишончли солиқ базасини яратиш;
- солиқ хавфини тизимли бошқариш;
- «яширин иқтисодиёт»ни йўқ қилиш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш.
Ушбу ҳужжат даромад оладиган барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат шароитларини яратишни назарда тутади. Солиқларни тўлаш – бу ҳар бир кишининг Конституцияда мустаҳкамланган бурчи ва ҳар қандай ҳалол солиқ тўловчи солиқ тўлашда танланган принцип йўқлиги тўғрисида, агар кимдир тўлаши керак бўлса, кимдир эса тўламаса, асосли равишда ҳисоблаш ҳуқуқига эга, дейилади ДСҚ баёнотида. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди