19:09 / 20.09.2020
2 152

Ўзбекистондан Нидерландияга 60 тонна қовун экспорт қилинди

Ўзбекистондан Нидерландияга 60 тонна қовун экспорт қилинди
Фото: «Дунё» агентлиги
Нидерландияга 60 тонна ўзбек қовунларидан иборат иккинчи жўнатма етказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» агентлиги Нидерландиянинг «AGF» порталига таяниб. Қайд этилишича, 31 август куни 20 тонна ўзбек қовунларининг биринчи жўнатмаси ушбу мамлакатга олиб келинган.

«Нидерландларга уларнинг таъми ёқиб қолди ва шу боис Ўзбекистонга янги буюртма берилди», – деб қайд этган веб-сайт.

«Қовун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида етиштирилади. Биз ушбу маҳсулот импортини декабрь ойигача давом эттирамиз», – деб таъкидлаган «JPF Agri BV» корхонаси раҳбари, Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси бизнес-элчиси Нодира Қодир-Абдуллаева.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқлими қовун, бошқа полиз маҳсулотлари ва мева-сабзавотлар етиштириш учун жуда қулайдир, демак ишлаб чиқариш учун жуда кам пестицидлар талаб қилинади.

Қовун мавсуми якунлангач, Нодира Қодир-Абдуллаева қуритилган мевалар (майиз, туршак ва қовун қоқиси), ерёнғоқ, бодом ва турли дуккакли маҳсулотларни импорт қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, анор ҳамда хурмо меваларига ҳам қизиқиш мавжуд. Бундан ташқари у келажакда гилос ва ўрик импорт қилиш ниятида.

Ўзбекистоннинг Бенилюкс (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) мамлакатларидаги элчихонаси маълумотига кўра, Нидерландия Ўзбекистондан келтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, янги узилган ва қуритилган мевалар, айниқса, қора ва оқ майиз ҳамда ёнғоқлар учун истиқболли бозор ҳисобланади. Бозор тадқиқотлари, шунингдек, полиз маҳсулотлари, айниқса, ўзбек қовунларини сотиб олишга бўлган қизиқиш катта эканини кўрсатгани маълум қилинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистондан Нидерландияга 60 тонна қовун экспорт қилинди