Белгияда хандақ қазиётган талаба 9 миллион евролик олтин хазинага дуч келди

Белгияда оддий қурилиш ишларини бажараётган 18 ёшли талаба кутилмаганда тахминан 9 миллион евролик олтин хазинага дуч келди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Воқеа Синт-Гиллис-Дендермонде шаҳридаги собиқ пиво заводи ҳудудида юз берган. Кобе исмли талаба ёзги иш вақтида янги канализация тизими учун хандақ қазиётган бўлган. Иш жараёнида у ҳамкасблари билан бирга ер остида яширилган қимматбаҳо буюмларга дуч келган.
Дастлаб ишчилар топилган буюмларни оддий тангалар деб ўйлаган. Бироқ қазиш ишларини давом эттиришганида, улар олтин тангалар, олтин бўлаклари ва рақамланган олтин қуймаларидан иборат хазинани топишган.
Маълум бўлишича, хазина XIX аср охирида қурилган вилланинг ертўласидаги ғишт билан беркитилган девор ичида қопга солиб яширилган. Мазкур бино ўша ҳудуддаги пиво заводи эгаси Теофил Ван Ассега тегишли бўлган.
Топилманинг умумий қиймати тахминан 9 миллион еврога баҳоланган. Ишчилар хазинани топгач, дарҳол тегишли ташкилотларга хабар берган. Ҳозирда олтинлар хавфсиз жойга олиб чиқилган, мутахассислар эса унинг келиб чиқиши ва қонуний эгасини аниқламоқда.
Расмийлар хазина атайлаб яширилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Унинг кимга тегишли экани масаласи ҳал қилингунига қадар, топилма бўйича ҳуқуқий жараён давом этади.






























Изоҳлар 0
…