23:33 / 16.02.2021
2 350

«Емаган сомсага пул тўлаш керакми?» – Тадбиркорлар Солиқ қўмитасидан норози

«Емаган сомсага пул тўлаш керакми?» – Тадбиркорлар Солиқ қўмитасидан норози
Фото: Ижтимоий тармоқлар
ДСҚ юборган минглаб талабномалар тадбиркорларни ижтимоий тармоқларда гуруҳларга бирлаштирди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Солиқ қўмитаси биноси олдида йиғилган бир гуруҳ норози тадбиркорлар акс этган видеолар тарқалди. Уларнинг ҳисобрақамлари музлатиб қўйилган. Тадбиркорлар нимадан норози, ДСҚ қандай изоҳ беради?

10 мингга яқин хўжалик юритиш субъектларига ДСҚ томонидан талабнома юборилган. Улар нимадан норози?
Давлат солиқ қўмитаси 2021 йилнинг февраль ойида «Лозим даражада эҳтиёткорлик» хизматини ишга туширган эди, унда шубҳали солиқ тўловчилар рўйхати шакллантирилди.

Тизим орқали эндиликда тадбиркорлар ўз бизнес-шерикларининг тўланиши керак бўлган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларини камайтириш тарзидаги ҳуқуқни суиистеъмол қилган корхоналар рўйхатига тушиб қолгани ёки унда мавжуд эмаслигини текшириши мумкин.

Қўмита берган хабарга кўра, рўйхатга айни пайтда 396 нафар шубҳали солиқ тўловчилар киритилган бўлиб, улар билан ҳамкорлик қилган (товар ёки хизмат олган) қарийб 10 мингга яқин хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 1 триллион сўмга яқин ҚҚС суммаси ҳисобга олинган ҳолда бюджетга тўланмаган.

Маълум бўлишича, бюджетга тўланмай келинган 1 триллион сўмга яқин маблағни ўрнига қўйиш мақсадида рўйхатга киритилган 396 нафар солиқ тўловчи ва улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорга талабнома юборилган.

Талабномада тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзи (ҚҚС миқдори) ҳамда солиқ қарзини вақтида тўламаган тақдирда чора кўрилиши билдирилган.

Қўмита солиқ кодексининг 14-моддасига мувофиқ, нотўғри ишлаган солиқ тўловчи (ДСҚ сайтида эълон қилинган рўйхатга кирган шубҳали 396 корхонадан бири ёки бир нечтаси) билан ҳамкорлик қилган (товар ёки хизматлар сотиб олган) тадбиркорлик субъектларига ҳисобга олиш қўлланилмайди.

Ҳисобга олиш нима дегани?
Молиячи Отабек Бакиров ҳисобга олишни шундай тушунтиради:
«А корхона «Б» корхонадан ҚҚС билан 115 сўмга маҳсулот олди ва «С» корхонага ҚҚС билан 150 сўмга сотди, дейлик. Шунда «А» корхона аслида 5,25 сўм ҚҚС тўлайди (150-115)*15%. Лекин ДСҚ «Б» корхонани «обналчи» (шубҳали солиқ тўловчи) деб топиб, уни ҚҚС тўловчиси эмас, деб ҳисоблаётгани учун энди «А» корхона 22,5 сўм ҚҚС тўлайдиган бўлиб қоляпти (150*15%). Чунки ҳисобга олиш олиб ташланяпти».

Демак, масала шундаки, иқтисодчи A корхона деб тушунтирган корхоналар шубҳали солиқ тўловчи – 396та корхоналарнинг биридан товар ёки хизмат сотиб олган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларидир. Улар айнан нотўғри ишлаган солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик қилгани учун оширилган ҚҚС тўлашга мажбур бўлмоқда. Тўғрироғи, ҚҚС салбий фарқи қайтариб берилмайди. Чунки шубҳали корхона билан солиқ операциясини амалга оширган тадбиркорлик субъектлари контрагентни танлашда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган, деб топилиши мумкин.

Яъни шубҳали корхоналар тўламаган солиқ камомади инсофли солиқ тўловчилар бўйнига тушмоқда. Тадбиркорлар иддаосига кўра, улар «емаган сомсаларига пул тўлашга» мажбур бўлишмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг реакцияси қандай?
ДСҚ томонидан тақдимнома юборилган тадбиркорлар солиқ органлари идораларига норози бўлиб мурожаат қилишмоқда.

Kun.uz’га исми сир сақланишини сўраб мурожаат қилган тадбиркорга кўра, кеча Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, бугун 16 февраль куни Давлат солиқ қўмитаси биноси олдида 150дан зиёд тадбиркорлар норози бўлиб йиғилишган. Телеграм ижтимоий тармоғидаги гуруҳга икки кун ичида 2,500 дан зиёд фойдаланувчи йиғилди. Тадбиркорлар ушбу тартибнинг бекор қилинишини, ноинсоф солиқ тўловчилар тўламаган солиқ суммасини солиқларни вақтида тўлаб келаётган тадбиркорлардан ундирилмасликни хоҳлашмоқда.

Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган тадбиркорлардан бирининг фикрига кўра, Солиқ қўмитаси контрагент корхоналарнинг фаолият юритишига йўл қўйиши шубҳали.

«Инсофсиз солиқ тўловчиларнинг солиқ камомадлари инсофли солиқ тўловчилар бўйнига тушиши сўроқ остига олинишидан аввал шу савол туғилади: қандай қилиб солиқ қўмитаси шубҳали корхонанинг фаолиятига йўл қўйиб берди? Эртага мен ҳам контрагент корхона бўлиб, солиқдан қочиб юрсам, инсофли солиқ тўловчилар мен туфайли ҚҚС тўлаб юраверадими?», – дейди у.

Kun.uz билан суҳбатлашган яна бир тадбиркорга кўра, тадбиркорларга банкдан нақд пул олишга рухсат берилиши керак.

«Шунда тадбиркор товарни бозордан сотиб олиб реализация қилаверади. Илгари айланмадан 5 фоиз солиқ олинар эди, муаммо йўқ эди. ҚҚС бўлди-ю, «обналчи»лар бошланди», - дейди у.

Давлат солиқ қўмитаси қандай изоҳ беради?
Шундан сўнг, ДСҚ Солиқ тўловчи томонидан битимнинг (операциянинг) қонунийлигини ва ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, контрагентни танлашда лозим даражада эҳтиёткорлик қилганлигини ва мол етказиб берувчининг битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини тасдиқловчи далиллар тақдим этилса, ҚҚСнинг ҳисобга олинадиган суммаси дархол тикланишини маълум қилди. Қўмита бунда ҳар бир ҳолат алоҳида кўрилишини эълон қилди.

15 февраль куни Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига 50дан ортиқ солиқ тўловчи тузатиш киритилган ёки ҳисобга олиш бекор қилинган ҚҚС суммасини қайтаришни талаб қилган ҳолда мурожаат қилган. Қўмита солиқ тўловчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларни кўриб чиқувчи махсус ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилди.

Нега тадбиркорларнинг ҳисобрақамлари музлатиб қўйилди? Тадбиркорлар огоҳлантирилдими?
Норозилик билдираётган тадбиркорларга кўра, уларга ДСҚ томонидан тақдимнома юборилгач, уларнинг ҳисобрақамлари музлатилган. Сўроқ-саволсиз кўпчиликнинг ҳисобрақамидан пуллар ечиб олинган, маблағ етарли бўлмаган ҳолатларда картотека ўрнатилган.

Андижонлик тадбиркорнинг Kun.uz’га маълум қилишича, солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида айрим тадбиркорларга юборилган хабарномада тадбиркорлик субъекти шубҳали 396 корхоналардан бири билан тузган шартнома қалбаки ёки кузбўямачилик учун тузилганлиги аниқлангани маълум қилинган. Улардан кирим қилинган хизмат ёки товарлар қўшилган қиймат солиғини хисобга олмаслик билдирилган.

«Ҳужжатлар тақдим килиб, эътироз билдиришимизга қарамасдан ДСҚ қарзни тўлаш тўғрисида талабнома жўнатган. Ҳаққи бор тадбиркорлик субъектларининг (корхона томонидан сотиб олинган маҳсулот, корхона реализация қилган маҳсулотга нисбатан кўп бўлганида, солиқ ҳисоботларида корхона ҚҚСдан ҳақдор бўлиб қолади) ҳақлари камайиб кетган. Ҳисобида пули бор тадбиркорлик субъектларининг ҳисобрақамидан пуллар ечиб олинган, пули етарли бўлмаганларнинг ҳисобрақамига картотека қўйилган. Билдирилган эътирозлар ёки берилган ҳужжатлар ҳеч инобатга олинмаган. Ваҳоланки, икки хўжалик юритувчи субъект ўртасида тузилган шартномани қалбаки деб топиш солиқ органлари ваколатида эмас. Бундай ваколат cудларга берилган. Суд қарорисиз ўзлари корхоналарга сунъий қарздорликлар юклашди»,- дейди у.

Бизнес-омбудсман ҚҚС юзасидан тадбиркорлик субъектларига юборилган хабарномаларнинг қонунийлигини ўрганишни бошлаганини маълум қилди.

«Солиқ органларининг ушбу ҳаракатлари тадбиркорлар орасида кескин норозиликларни келтириб чиқараётганлигини инобатга олган ҳолда, Бизнес-омбудсман девони Давлат солиқ қўмитасининг масъул мансабдор шахслари иштирокида ушбу ҳаракатларнинг қонунийлигини ўрганиб чиқилмоқда», - дейилади расмий хабарда.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » «Емаган сомсага пул тўлаш керакми?» – Тадбиркорлар Солиқ қўмитасидан норози