18:12 / 27.04.2021
3 185

Давлат солиқ қўмитаси 4,6 млрд сўм маънавий зарар ундириш учун Расул Кушербаевни судга берди


Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича бунга Расул Кушербаевнинг «Human.uz» ахборот порталидаги «Сўз блогерларга» кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари сабаб бўлган.

«Оддий солиқ қўмитасининг ходими ёки мутахассиси юк хати нима учун керак бўлишини, ҳатто у шунчалик билмайдими ё тадбиркорлар, ё одамлар шунчалик аҳмоқ деб ўйлайдимики, ўзини қилаётган ишини нотўғри эмаслигини исботлаши учун далил сифатида юк хатини кўрмоқчи… Пасткашлик бўлса шунчалик бўладики, солиқ ходими тадбиркордан юк хатигача сўраяпти, уйидаги ‘туалетная бумага’нинг қанақасини ишлатишини ҳам сўрамабди-да… Солиқ органлари айланиб-ўргилиб тадбиркорни айбдор деб топишим керак деган принцип кетяпти…», — деган Расул Кушербаев кўрсатувда.

Қўмитанинг таъкидлашича, Расул Кушербаев ушбу сўзлар билан солиқ органлари ходимларини асоссиз айблаган ва ушбу хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органлари ходимлари ишчанлик обрўсига путур етказган.

Давлат солиқ қўмитасининг қайд этишича, Солиқ кодексининг 138-моддаси, 4-қисмида камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек, солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни сўраши мумкинлиги кўрсатилган.

Солиқ кодексининг 223-моддаси, 3-қисмига мувофиқ, юкларни товар-кузатув ҳужжатларини (юк хати) расмийлаштирмасдан ёхуд сохта ҳужжатлар бўйича ташиш солиқ базасини яшириш деб эътироф этилади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари 22-бандида депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги, агар депутатнинг баёнотида шундай фикрлар мавжуд бўлса, депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ва кечирим сўраши кераклиги белгиланган», — деб таъкидламоқда қўмита.

Хабарда айтилишича, юқоридагиларга кўра Фуқаролик кодексининг 99-, 100-, 1021- ва 1022-моддалари ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг 33-, 189- ва 191-моддаларига асосан жавобгар Расул Кушербаев давлат солиқ хизмати органлари ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларига нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериши ҳамда кечирим сўраши лозим.

«Жавобгар хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига 4,6 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар етказган. Ушбу маънавий зарар ундирилгач, ‘Маҳалла’ хайрия жамоат фонди ҳузуридаги ‘Саховат ва кўмак’ жамғармасига ўтказилади», — дейилади Давлат солиқ қўмитаси хабарида.

Шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари сўз эркинлигига қарши эмаслигини таъкидланган.
«Бироқ ҳар қандай асоссиз фикрлар учун белгиланган тартибда, қонун доирасида жавоб бериш лозимлигини ҳам унутмаслик керак. Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси солиқ органлари ходимларининг нафақат ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини доим ҳимоя қилади, шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар учун жавоб берилишини талаб қилади», — дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Давлат солиқ қўмитаси 4,6 млрд сўм маънавий зарар ундириш учун Расул Кушербаевни судга берди