Фото: Президент матбуот хизмати
Айрим ҳудудларда баъзи турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари камайишига йўл қўйилмоқда. Бу ҳақда макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор давомида маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат нархлари ошиб кетаётганига қуйидагича муносабат билдирди.
— Мисол учун, тухум ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент вилоятида – 5 фоизга, Сирдарёда – 4 фоизга камайиши ҳисобига, ушбу вилоятларда тухумнинг нархи 7 фоизга, республика бўйича эса 3,6 фоизга ошган.
Гўшт ва ўсимлик ёғининг жаҳон бозоридаги нархлари 1 йилдан буён тўхтовсиз ўсаётгани барча раҳбарларни зарур чора-тадбирларни кўришга ундаши керак.
Ғаниев, Норқобилов, вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йилда чорвачилик йўналишида 1 мингта, паррандачиликдаги 277 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига, 13 минг тонна гўшт, 608 минг тонна сут, 3 миллиард дона тухум ва 14 минг тонна парранда гўшти етиштирилишини таъминлаши лозим.
Ғаниев, Ж.Ходжаев, Хаитов вилоят ҳокимлари билан бирга, 1,1 миллион гектар асосий майдонларда 224 минг гектар боғ-ток ораларига ҳамда ғалла ва эртанги экинлардан бўшайдиган 873 минг гектарга сабзавот, картошка, полиз, шоли, мойли ва озуқа экинларини етиштиришни ташкил этишлари зарур, — деди давлат раҳбари.
Йиғилиш давомида ёғ-мой маҳсулотларига ички бозорда аҳоли талабини қондириш мақсадида, жорий йилда 246 минг тонна мойли экинларни етиштириш ва бунинг ҳисобига 86 минг тонна мой ишлаб чиқарилиши лозимлиги таъкидланди.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг