08:36 / 24.08.2021
2 708

Тадбиркорларга қандай солиқ имтиёзлари бериладиган бўлди?

Тадбиркорларга қандай солиқ имтиёзлари бериладиган бўлди?
Президент ва тадбиркорлар учрашувида берилган топшириқлар асосида Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилади. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов бу ҳақда батафсил маълумот берди.

20 август куни президент ва тадбиркорлар учрашувида бир нечта солиқ имтиёзлари ва солиқ маъмурчилигида рўй берадиган ўзгаришлар тилга олинди. Бу ўзгаришлар нималардан иборат ва қандай амалга оширилади?

Kun.uz ушбу савол билан молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновга мурожаат қилди.

ҚҚС маъмурчилигини яхшилаш: экспортчи тадбиркорларга қандай енгиллик берилди?
— Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви илк бор ўтказилди. Президентимиз жуда кўп нарсага эътибор бердилар. 7та йўналиш белгилаб берилган бўлса, шулардан бири – солиқ йўналиши.

Солиқ йўналишида биринчи бўлиб ҚҚС маъмурчилигини яхшилаш бўйича топшириқ берилди. ҚҚС маъмурчилигида энг муҳими қўшилган қиймат солиғида экспортчи тадбиркорлик субъектларига енгиллик яратиш.

Aгар мен ҚҚС тўловчи экспортчи тадбиркор бўлсам, бугун пулим келиб тушмаган бўлса ҳам (180 куним бор реализацияга), ҚҚСни сотиб олган маҳсулотларим бўйича ҳисобга олишим ва бюджетга бериб, ҚҚСни қайтариб олишим мумкин бўлади. Бу солиқ тўловчида айланма оборот пайдо бўлишини англатади.

ҚҚСни ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади
— Қўшилган қиймат солиғи бўйича база яратиш – ҚҚС маъмурчилигини яхшилашдаги иккинчи масала. Бунинг ичига божхона тўлови ва ички бозор тўлови киради. Мисол учун, ички бозорда кўпроқ маҳсулот сотиб олиб сизда минус пайдо бўлиб қолди дейлик. Божхона орқали товар импорт қилаётганда сизда товар сақланиб турган бўлса, ҚҚСни ўша ерга йўналтириш имкони пайдо бўлади. Бу – сиз қўшимча маблағ қидириб ўтирмаслигингизни англатади.

Шу билан бирга, президентимиз мулоқотда иккита нормани айтиб ўтдилар: биринчиси ҚҚСни 7 кунда қайтариш, иккинчиси ҚҚСни импорт қилаётганда бўлиб-бўлиб 120 кунда тўлаш.

13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади
— 13 мингта умумий овқатланиш корхоналари ер ва мулк солиғидан озод этилади, бу бўйича алоҳида қарор қабул қилинади. Бундан ташқари, агар умумий овқатланиш корхоналарининг қарздорлиги бўлса, бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Нега айнан 13 минг корхона? Умумий овқатланиш корхоналари 13 мингтадан кўпроқ, лекин 13 мингта корхонада қарздорлиги бор, ер ёки мулки бор.

Ер ва мулк солиғидан озод этиладиган корхоналар сифатида шу сабабли ҳам 13 мингта тадбиркорлик субъектлари танланган.
Уларнинг айримлари ер ёки мулки йўқ, аммо қарздорлиги бор, улар учун қарздорлигини бўлиб тўлаш имкони берилади. Муддатни 31 декабргача узайтириб берамиз, унгача қарзни тўламайди, кейинги йилдан қарздорликни бўлиб тўлайди.

Aйримларининг ери бор, мулки бор, қарздорлиги йўқ. Шу ер ёки мулки учун имтиёз берилади. Aйримларининг ер, мол-мулки ва қарздорлиги ҳам бор.

Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби тўлиқ бекор қилинади
— Бу бўйича бир ой муддатда таклиф киритишимиз керак, унда иккита: маъмурий жавобгарлик ва Солиқ кодексининг молиявий санкцияси кўзда тутилган. Шулардан биттаси олиб ташланиши керак, молиявий санкция бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик қолдириладими деган масалани кўриб чиқамиз. Жаҳон тажрибасини кўриб чиқиб, бир қарорга келамиз.

Президент томонидан битта иш учун 2 марта жарима қўллаш тажрибасини йўқотайлик, деган топшириқ бўлди. Яна бир марта таҳлил қилиб чиқамиз, қайси ҳолларда қайси чора қўлланиши борасида бир тўхтамга келамиз. Aйрим ҳолларда корхона ҳисобчиси бўлмаган ёки корхона ишга олмаган бўлади, шу сабабли солиқ ҳисоботини вақтида топширмаган бўлиши мумкин. Молиявий нуқтайи назардан ҳисобот топширмаганлик учун молиявий жарималар қўллашни бекор қилиш бўйича аниқ топшириқ берилган.

Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар учун фойда солиғи пасайтирилиши мумкин
— Цемент ишлаб чиқарувчилар фойда солиғини 20 фоиздан тўлайди. Бошқа барча хўжалик юритувчи субъектлар эса 15 фоиздан. Мулоқотда қорақалпоғистонлик тадбиркор рақобат муҳитидан келиб чиқиб биз ҳам 15 фоиздан тўлайлик деб таклиф киритди. Сабаби 2018 йилда 50 фоиздан қўшимча даромад солиғи бор эди. Ўшанда ислоҳот қилинаётганда уларга фойда солиғи 20 фоиз этиб белгиланганди. Президентимиз солиқни 15 ёки ундан ҳам пастроққа пасайтириш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича топшириқ бердилар. Лекин хомашё, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳам 2 баробарга камайтирилишини ҳисобга олиб, ўйлайманки, 15 фоизга пасайтириш чораларини кўрамиз.

20 августда президент ва тадбиркорлар учрашувида берилган барча топшириқларни бирма-бир таҳлил қилиб чиқиб, Солиқ кодексига қўшимча ўзгартириш киритамиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Тадбиркорларга қандай солиқ имтиёзлари бериладиган бўлди?