18:50 / 26.11.2021
2 013

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда кириши кутилмоқда

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда кириши кутилмоқда
Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурияни қабул қилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон ва ушбу халқаро тузилма ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Рақамлаштириш, илғор халқаро стандартларни жорий этиш, интеллектуал тизимлардан фойдаланган ҳолда божхона постларини модернизация қилиш, коррупция, контрабанда ва божхона соҳасидаги қоидабузарликларга қарши курашиш борасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда қўшма тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳим экани қайд этилди.

Ўзбекистоннинг тез фурсатда Жаҳон савдо ташкилотига кириши билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш зарур экани таъкидланди. Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги амалий шерикликни кенгайтириш бўйича янги «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, республиканинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 2019 йил июль ойида Ўзбекистон мазкур ташкилотга аъзо бўлиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни кўриб чиқишга тақдим этган пайтда бошланган эди. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнининг давом эттирилиши Шавкат Мирзиёев томонидан 2017—2021 йилларда Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегиясида давлатнинг савдо-иқтисодий соҳасида ривожланишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганди.

Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси давомида 2021 йилда ЖСТга аъзолик масаласи бўйича ишларни фаоллаштириш лозимлигини таъкидлаганди. Ўша йили Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун идоралараро комиссия тузилди.

2021 йил 26 октябрь куни Сардор Умурзоқов ЖСТ раҳбарияти билан Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилди. Ташкилот раҳбарияти республикани ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда кириши кутилмоқда