14:15 / 20.12.2021
1 217

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Корея алоқаларини иттифоқчилик даражасига кўтаришни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Корея алоқаларини иттифоқчилик даражасига кўтаришни таклиф қилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқаларни иттифоқчилик даражасига кўтариш ташаббусини билдирди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилишича, бу ташаббус Корея расмий доиралари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланган.

«Президентимиз янги ташаббус билан чиқди. Бу ташаббус Корея ҳукумати ва парламенти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Ҳозиргача биз сиёсий ҳамкорлигимизни стратегик шерикчилик ҳужжати асосида давом эттириб келганмиз.

Сўнгги йилларда Корея билан алоқаларимиз жуда ривожланди. Энг муҳими, икки давлат ўртасида ўзаро ишонч шунчалик мустаҳкам бўлдики, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқаларни иттифоқчилик даражасига кўтариш тўғрисидаги ташаббус билан чиқди.

Албатта, бу ерда иш кўп, лекин яқин орада биз амалий қадамларни қўямиз. Ўзаро алоқаларимизда янги соҳалар очилади, ҳамкорлигимиз янада кучаяди.

Корея Ўзбекистоннинг минтақадаги сиёсатини қўллайди, улар Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами беришга, чегарада хавфсизликни таъминлашда ёрдам беришга тайёр. Мана шундай ҳамкорлик иттифоқчилик алоқалари талабларига тўлиқ жавоб беради. Корея янги сифатдаги, янги даражадаги сиёсий алоқалар ўрнатилишига тайёрлигини билдирди
», дейди Абдулазиз Комилов.

У шунингдек, Ўзбекистон Жанубий Корея президентининг минтақада ядро қуролидан холи зона яратиш бўйича ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 16-18 декабрь кунлари Жанубий Кореяга уч кунлик давлат ташрифини амалга оширди. Қўшма тадбирлар давомида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнот қабул қилинди ва бир қанча келишувлар имзоланди.

Шунингдек, рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиёт ва кучли ижтимоий сиёсат соҳалари алоҳида стратегик шерикликнинг уч муҳим йўналиши сифатида белгиланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон шу кунга қадар фақат иккита давлат билан ўзаро алоқаларни иттифоқчилик даражасига олиб чиққан. 2005 йилда Россия билан, 2021 йил декабрь ойида Қозоғистон билан шундай шартнома имзоланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Корея алоқаларини иттифоқчилик даражасига кўтаришни таклиф қилди