22:56 / 19.05.2022
1 323

Омбудсман вакиллари қамоқдаги блогерлар билан учрашди

Омбудсман вакиллари қамоқдаги блогерлар билан учрашди
Ўтган ҳафтада Омбудсман вакиллари, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ҳамда «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси вакиллари Навоий вилоятидаги колонияларга бориб, маҳкумлар, хусусан, қамоқдаги блогерлар билан ҳам учрашишган.

«Эзгулик» жамияти раиси ўринбосари Бекзод Нурматовга кўра, Зарафшондаги колония 2200 кишига мўлжалланган. Ҳозирда бу ерда 684 нафар маҳкум жазо муддатларини ўтамоқда, уларнинг 27 таси диний радикал оқимларга мансубликда айбланган. Мазкур шаҳардаги 36-сонли манзил колония эса 450 кишини сиғдира олади. Бу ерда 272 нафар маҳкум бор.

Навоий вилоятининг Қизилтепа колонияси 2200 кишига мўлжалланган, айни пайтда эса 1123 нафар маҳбус бор. Уларнинг 62 нафари диний экстремистик оқимларга мансуб. Қаттиқ тартибли бу колонияда таниқли блогер Фозилхўжа Орифхўжаев билан учрашилган.

«Қамоқхона шароитидан шикоятим йўқ. Пластик цехида уста бўлиб ишлаяпман. Аммо суд ҳукмидан норозиман ва мен қамалишим керакмасди», деган Фозилхўжа.

Навоий шаҳридаги 12-сонли қаттиқ тартибли колония эса 1600 кишилик, бу ерда ҳозирча 1070 маҳкум бор. 48 таси радикал оқимлар фаоллари бўлишган. Блоггер Акмал Шаропов ҳам шу ерда бўлиб, оиласи билан узоқ муддатли учрашувда экани сабабли у билан учрашишнинг имкони бўлмагани айтилган. Айтилишича, у яқин 2 ой ичида озодликка чиқарилиши мумкин.

Мазкур шаҳардаги 4-сонли умумий тартибли колонияга 1800 нафар маҳкум сиғади. Колонияда блогер Отабек Сатторий жазо муддатини ўтамоқда. У қурилиш молларига нақш босувчи цехда оператор. «Эзгулик» фаоли билан учрашувда ўзининг ноҳақ қамалгани, судларнинг адолатсизлигини таъкидлаган блогер оилада ёлғиз боқувчи эканини, озодликка чиқиш учун курашаётгани ва фақат президент Мирзиёевга ишонишини таъкидлаган.

Мониторинг натижаларига кўра, қамоқхоналарнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ош-овқати сифатини яхшилишга уринилмоқда. Шикоятларнинг асосий қисми суд ҳукмларининг адолатсизлигидан. Энг ёмон кўрсаткич — маҳкумларнинг катта қисмини ёшлар ташкил қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Омбудсман вакиллари қамоқдаги блогерлар билан учрашди