18:33 / 28.05.2022
962

Депутат, сенатор, ҳокимлар! Луғатингизда «китоб дўкони» деган жумла борми?..

Депутат, сенатор, ҳокимлар! Луғатингизда «китоб дўкони» деган жумла борми?..
Истеъдодли шоир Жонтемир Тоштемиров янги авлод қаламкашларининг муаммолари ҳақида бонг урди.

«Ёш шоирлар (энди уларни ёш деб бўлмайди, ўттизга етиб қолишди ахир) борган сари сустлашиб, онда-сонда кўринадиган, баъзилари бутунлай ёзишдан чиқиб кетяпти. Негаки ҳеч бирига отасию катта бобосидан етти пуштига етарли сармоя мерос қолган эмас! Уй олиши, уйланиши ва ҳоказолар қилиши керак. Бунинг учун итдай ишлашга мажбур! Уйлангач ташвиш ўн баробар ортади. Ҳамма муаммони жойига қўйиб олгунича эса, элликка кириб қўйган бўлади. Кейин ёза олармиди?! Биздан беш-ўн ёш катта шоирларнинг уйли-жойли бўлиб кетганидан кейин дуруст ёзаётганини кўряпсизми ё?» – дея изтиробли ўйлари билан бўлишади у.

Муаллиф истеъдодли ижодкорларнинг маиший муаммолар билан андармон бўлиб қолиши ўтган асрнинг 80-йилларидан кейин бошланганини қайд этади.

«Адабиётшунослар катта асарлар ёзилмаяпти, деб қолишса жазавам қўзийди. Нима шароит қилиб бердингки талаб қиляпсан?! Дейлик, достон, яхши роман, кучли шеър яратиш учун камида ой (роман учун йил) кетади. Шу орада ҳеч нарсага чалғимай, фақат яратажак асари ҳақида ўйлаши керак ижодкор. Шунга етадими олди-сотдига мослашган ақлингиз?! Яқинда ёш рассомлар кўргазмасига бордим. Деярли ўзбек йўқ. Эй, даражасини машина, мебель, ҳовлисига ўтқазган фалон минг долларли дарахт билан ўлчайдиган бой акалар, қачон бирор рассомдан сурат сотиб олдингиз?! Депутат, сенатор, ҳокимлар, луғатингизда «китоб дўкони» деган жумла борми? Расмиятчиликни қўйинг, виждонан белингизгача қабрга кириб тургандай тўғрисини айтинг!» – дея жамият аҳлини саволга тутади шоир Жонтемир.

Таъкидланишича, тўқсонинчи йил гуркираб чиққан ижодкорларнинг ўзини бошқа соҳаларга уриб кетиши оқибатида миллат ютқазди. Афсуски, ҳозир ҳам ёзиб турган ёшлар аста-секин ижоддан узоқлашиб боряпти.

«Яратувчи, ижодий куч тарк этяпти бу миллатни! Истеъмолчи, бир ишни такрорловчи фабрикага айланяпти ҳамма. Яратувчиси йўқ миллат – тобеликка маҳкум. Шоирлар, рассомлар, ҳайкалтарош, мусиқачи, олимларсиз миллат миллатми?! ...Бутунбошли футбол жамоалари миллиардлаб маблағ сарфлангани билан нима қилиб беряпти миллатга? Айтинг, нима?! Савиянгизни кўтаряптими ё?! Аҳмоқона тадбир, марафон, томошаю концертлар-чи?...» – деб ёзади ёш шоир.

Қайд этилишича, бугун миллатга маърифатли бойлар, фаҳм-фаросатли сармоядорлар сув билан ҳаводек зарур.

«Савияси баланд, ялоқ, ялтоқ, ўртамиёналардан жирканиб, бўйсунмас, қолипга тушмас истеъдодларни қадрлайдиган кишилар керак. Йўқса ҳар қирқ йилда йўқотилган авлод келиб кетаверади. Нимага боксчи яхши яшаши учун шеър ёзиши керак эмас-у, шоир умрини ўзи истамаган соҳага сарфлаши керак?!» – дея жамиятни уйғоқликка ундайди муаллиф.

Жонтемир Тоштемиров 2020 йилда ўзбекистонлик ёш шоирларнинг «Дуэл» танловида ғолиб чиққан.

«Жонтемирнинг шеърлари шу пайтгача мен билган бирон бир ёш шоирнинг шеърларига ўхшамайди. Шеърий уқувидан кўра ҳаётий уқуви кўпроқ акс этган бу шеърларда. У шеърнинг анъанавий қолипларию тимсолларини, кўнглимизни зада қилган «бирхилликлар» ини (билиб-билмай) рад этиб ижод қилаётган шоир», – дея ёш ижодкорнинг изланишларини юқори баҳолаган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Депутат, сенатор, ҳокимлар! Луғатингизда «китоб дўкони» деган жумла борми?..