08:00 / 29.05.2022
1 052

«Таълим тизимимиз ҳалигача советча». Сенатор Ўзбекистон таълим тизимини танқид қилди

«Таълим тизимимиз ҳалигача советча». Сенатор Ўзбекистон таълим тизимини танқид қилди
Фото: Олий Мажлис Сенати
Ўзбекистон таълим тизими ҳали ҳам эскича андозалар асосида ишлаб келмоқда. Бу ҳақда 28 май куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида Фанлар академияси Тарих институти директори, сенатор Азамат Зиёев айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Азамат Зиёевнинг айтишича, бугунги ўзбек таълими ўқувчилар онгига энг муҳим билимларни сингдира олмаяпти.

«Токи таълим-тарбия тизимини миллийлик асосида қўймас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Бола 3 ёшда боғчага боради, 18 ёшда мактабни битиради. Яъни 15 йил умри боғча ва мактабда ўтади. Шу 15 йил ичида унинг онгига тарихимиз, тилимиз, адабиётимиз, санъатимиз, мусиқамиз ва географиямизни сингдира олсак марра бизники. Афсуски, биз бу ишларни қила олмаяпмиз. Буни тан олишимиз керак. Энди-энди киришдик, 5-6 йил бўлди. Биз болаларга 9 синфгача фақат ўзимизнинг тарихимизни ўргатайлик, деган таклифни бердик. Йўқ, келиша олмаяпмиз. Бизда эскидан қолган ёмон одат бор: бағримиз кенг, ҳамма нарсани сиғдириб юборамиз. Қучоғимизни ҳаммага очиб берамиз. Бўлди, у замонлар ўтди. Биз интернет тезлигини 1000 баробар оширайлик, эртага тарқалаётган ахборотнинг ҳаммасини ўзбекчалаштирайлик, аммо мазмун миллий бўлмаса, буларнинг нима кераги бор? Ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз лозим», — деди сенатор.

Фото: Олий Мажлис Сенати
Азамат Зиёевнинг таъкидлашича, ўзбек таълим тизими советча андозалардан ҳамон қутула олмаяпти.

«Мактаб дарслигидан жаҳон тарихи ўқитилади ва Римни ўқувчиларга ‘муқаддас Рим империяси’, деб ўргатилади. Улар учун муқаддас, биз учун эмас. Яъни ҳали ҳам ўша эскича, Европа, Россия нуқтаи назаридан қараш бор. Мен аниқ айтаман: бизнинг таълим тизимимиз ҳалигача советча. Совет даврида шаклланган андозалар, талаблар асосида келяпти. Буни айтишдан уялмаслигимиз керак. Бугунги кунда ўзбек фуқароси ўзи яшаётган маҳалла тарихини билмайди. Қишлоғи, вилоятининг тарихини билмайди. Олдин одам ўзининг динини билиши лозим. Нега бизда дин билан боғлиқ муаммолар кўп? Чунки билмагани учун. Жуда кўп мисоллар келтиришим мумкин.

Сенатимиз ва ҳукуматимизни бир нарсага эътиборини қаратмоқчи эдим, биз хусусий таълимни кўздан қочириб қўйяпмиз. Вилоятларда билмайман қанақа, Тошкентда асосан бу тизим тили рус тилида. Эртага тарбия ҳам шунга ўхшаб боради. Агар бу боғчаларга кимларнинг фарзандлари бораётганини ва улар 10 йил ёки 20-30 йилдан кейин бу жамият бошқарувини қўлга олишини инобатга оладиган бўлсак, биз хавотирга тушишимиз керак. Тўғри, хусусий таълим ишбилармонлик билан боғлиқ. Аммо гап тарбия ҳақида кетяпти. Хусусийми, давлатникими, уни ҳеч қанақа аҳамияти бўлмаслиги керак. Бу масалани жиддий назоратга олишимиз зарур
», — деди у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Таълим тизимимиз ҳалигача советча». Сенатор Ўзбекистон таълим тизимини танқид қилди